«Ўзбекнефтгаз» компанияси мамлакатда Аи-80 русумли автобензин нархи тўсатдан ошиб кетгани юзасидан муносабат билдирди.

Хусусан, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг Тошкент шаҳри ва вилоятига қарашли АЁҚШларда 1 литр Аи-80 русумли автобензин нархи 6800 сўмни ташкил этган бир пайтда, ҳусусий АЁҚШларда 7000 сўмдан 7700 сўмгача ёки 200 сўмдан 900 сўмгача қиммат нархларда сотилмоқда.

Охирги кунларда импорт қилувчи корхоналар томонидан юқори октанли автобензиннинг четдан келтиришини камайиши натижасида, Аи-80 русумли автобензинга бўлган талаб ортмоқда. Республика истеъмолчиларига июль ойи 7 кунида етказиб берилган бензин миқдорини ўтган ҳисобот даврига мос равишда таққосланганда, республика бўйича 1 193 тоннага ёки 120 фоизга эҳтиёж ошган бўлса, Андижонда 222 фоиз, Тошкент вилоятида 163 фоиз, Жиззахда 155 фоиз, Қашқадарёда 141 фоизни ташкил этиб республика кўрсатгичидан катта, дейилади хабарда.

Мисол учун, UNG Petro МЧЖ томонидан июнь ойида ўртача бир кунда 529 тонна сотилган бўлса, июль ойига келиб ўртача бир кунда 611 тонна ёки 82 тоннага талаб ошди.

Аи-80 русумли автобензинга талаб ортиши натижасида жорий йилнинг июль ойида Аи-80 русумли автобензиннинг биржа савдоларида 1 тонна учун шаклланган нархи 9366 минг сўмни ташкил этган. Жорий ойда ушбу кўрсаткич 10,45 млн сўмни ташкил этиб, июнь ойида ўртача шаклланган нархларга нисбатан 974 минг сўмга ошган. Бу эса ўз навбатида, хусусий АЁҚШлар томонидан сотиладиган Аи-80 русумли автобензин нархи ошишига олиб келди.

Ҳозирги кунда биржа савдоларига қўйилаётган миқдорлар оширилиши натижасида 1 тонна Аи-80 русумли автобензиннинг ўртача нархи 9 484 минггача пасайтирилди.

Қайд этилишича, истеъмолчиларнинг 65 фоизини «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ишлаб чиқилган бензин ҳисобидан қопланади, қолгани бошқа ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар томонидан қопланади.

Компания маълумотларига кўра, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан биржа савдоларига Аи-80 русумли автобензин жорий йилнинг 7 июль куни 4 минг тонна, 8 июль куни 3 минг тонна қўйилди, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини бензин ишлаб чиқариш ускуналари 110 фоиз қувватда ишламоқда