Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2021 йилнинг августдан 2022 йилнинг июлгача бўлган давр учун Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ўзгаришини таҳлил қилди.

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозорида олди-сотди шартномалари сони 2022 йил 7 ойида салкам 49 мингтани ташкил этди (бу Республика бўйича тузилган битимларнинг 27% дегани) ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (48,3 мингта) деярли ўзгармади.

Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида эски уйлар нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 12 фоизга, янги уйлар эса 8,3 фоизга ошди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, жорий йил май ойидан бери бирламчи бозорда ҳам (1 кв.м учун майдаги $943,6 дан июлда $919,9 га), иккиламчи бозорда ҳам ($891,1 дан $882,6 га) нархлар тушиб келмоқда.

Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Мирзо-Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларида уйлар нархлари Тошкент шаҳри бўйича ўртача нархидан (янги уйлар — 1 кв.м учун $957,2, эски уйлар — $888,3) юқори. Энг паст нархлар эса Бектемир ва Сергели туманларида кузатилди.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг 6 ойи давомида давлат дастурлари доирасида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари уй-жой бозорида фаолликнинг сақланиб қолишига катта хизмат қилган.

Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида уй-жойга бўлган талаб деярли ўзгаришсиз қолган бир пайтда нархларнинг ошиши қурилиш компаниялари ва мулк эгаларининг инфляция ва сўм алмашинув курси бўйича кутилмалари билан изоҳланиши мумкин.

Уй-жой нархларининг жиддий ошиши бошқа давлатларда ҳам кузатилди. Масалан, Буюк Британияда уй-жой нархлари жорий йил июнь ойида йиллик 10,7 фоизга ошган ва мазкур ойда йиллик инфляция 9,4 фоизга етган. Бу шундан далолат берадики, кўчмас мулк бозорида нархлар инфляция кутилмаларига тезда реакция қилади.

Global House Price Index маълумотларига кўра, юқори инфляция ва ипотека фоиз ставкаларининг кўтарилиши аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини чеклаган бўлишига қарамай, 2022 йил биринчи чорагида дунёнинг 56 мамлакатида уй-жой нархлари ўртача 10,2 фоизга ошган. Нархларнинг ўсиши глобал ўзгаришлар натижасида пул оқимларининг кўчмас мулк бозорига йўналтирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.