Март ойи ўрталарида Asalhoney тахаллуси билан машҳур блогер Асал Ходжаеванинг ўлдириб кетилиши юзасидан қўзғатилган жиноят иши якунига етди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида 9 август куни судланувчи К. Ш. (1997 йилда Хоразм вилоятида туғилган)га нисбатан суд ҳукмини эълон қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди раиси Т. Обидов раислигида кўриб чиқилди.

Гумондор К. Ш. ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «и» банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят иши бўйича «Ипак Йўли» ОАИТБ Чилонзор филиалида сақланаётган 10 269 000 сўм жабрланувчининг қонуний вакилига қайтарилиши ва судланувчидан қонуний вакил фойдасига 20 849 899 сўм қопланмаган зарар ундирилиши белгиланди.

Қонуний вакилга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Ҳукм устидан апелляция шикояти ва протести ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, маҳкум ва фуқаровий даъвогар томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида Тошкент шаҳар судига берилиши мумкин.