Душанба куни Тошкентда тушга яқин 3 соатлик муддат оралиғида G3 даражалик 4 баллик магнит бўронлари бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» мутахассиси Эркин Абдулаҳадов хабар берди.

«Магнит бўрони юқори фаоллиги туш пайтига тўғри келаётгани учун бу омилнинг организмга салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида, овқатланиш рационига балиқ ва кўкат маҳсулотларини киритиш, истеъмол қилиш тавсия этилади», — деб ёзди у.

Магнит бўронларининг G3 даражаси кузвтилган даврда кўпчиликда бош қисмининг орқа томонида бироз оғриш кузатилади. Бу пайтда шу каби инсонларга камроқ ҳаракат қилиш ҳамда уйда кўпроқ ўтириш тавсия этилади.

Шунингдек, бу вақт оралиғида юқоридаги ҳолатни ўзида сезаётган кишиларга чекиш, алкоголь маҳсулотлари ва кофе ичиш ҳамда жисмоний зўриқиш тавсия этилмайди.

ССВ бош неврологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидованинг таъкидлашича, магнит бўрони инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, бундан айниқса, артериал гипертония хасталигига чалинган беморлар кўпроқ азият чекади.

«Магнит бўрони бронхиал астма билан оғриган одамлар саломатлигида ҳам муаммоларни келтириб чиқариши кузатилган. Шундай экан, бундай вазиятда, аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кўпроқ ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган банан ва бошқа цитрус неъматлардан истеъмол қилиш зарур», — деди у.

Унинг таъкидлашича, сурункали касалликларга чалинганлар ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим. «Кун давомида бир марта душ қабул қилиш ҳам катта фойда беради. Қон босимидан шикояти бор беморлар кўпроқ сув ичиб, шўр таомларни камроқ истеъмол қилганлари маъқул. Чунки туз қон босими ошишига сабаб бўлади», — деди ССВ бош неврологи.

Магнит бўронлари — компас магнит милининг сурилишини қўзғатувчи Ер магнит майдонининг кескин ўзгариши ҳисобланади. Магнит бўронлари бир вақтда Ер юзининг катта ҳудудларида, баъзан бутун Ер юзида кузатилади. У кўпинча, тун вақтига тўғри келади ва одатда, қутбий ёғду, момақалдироқ, зилзила пайтида содир бўлади ҳамда ҳар 11 йилда кузатиладиган Қуёш фаоллигининг кучайиши даврида тез-тез такрорланиб туради.