Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Админстрация раҳбари Сардор Умурзаковга иккита муҳим вазифасини топширди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар берди.

«Бугун муҳокама қилинган масалалар ислоҳотларимизнинг натижадорлигини ошириш учун муҳим омил ҳисобланади», — деди президент.

Администрация раҳбарига йил якунига қадар ихчам, профессионал, адолатли, натижага ишлайдиган бошқарув тизимини жорий қилиш бўйича маъмурий ислоҳотларни якунига етказиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Қолаверса, давлат раҳбари янги ташкил қилинган Назорат инспекцияси фаолиятини йўлга қўйиб, президент қарорлари ва топшириқлари ижросини қатъий таъминлаш вазифасини қўйди.

Юридик фанлар доктори, профессор Иса Хамедов «Газета.uz» учун Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилиб берганди. Давлат бошқаруви тизимини тўлиқ функционал таҳлил қилиш орқали ҳар томонлама диагностика керак, сўнгра янги вазифаларга мувофиқ функцияларни мутаносиб равишда тақсимлаш керак, деб таъкидлаганди муаллиф.

Даромад декларациясини таъминлайдиган Давлат хизмати тўғрисидаги қонун 2017 йилнинг сентябрь ойида қабул қилиниши керак эди. Фақат 2022 йилнинг май ойига келибгина Сенат «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Унда халққа хизмат кўрсатиш давлат хизматининг тамойилларидан бири сифатида белгилаб қўйилган, даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш, фаолиятни KPI асосида баҳолаш, коррупциявий жиноятларини содир этган шахсларни давлат хизматига қабул қилишни тақиқлаш талаблари ўрнатилмоқда. Бироқ, ҳужжат ҳануз президент томонидан имзоланмади.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи ўрталарида президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан унинг ўрнини Сардор Умурзаков эгаллаган эди.