Шанба куни Олий Мажлис Сенатининг 26-ялпи мажлисида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди, деб хабар қилди юқори палата матбуот хизмати.

Қонун бевосита ҳаракат ҳужжати сифатида ишлаб чиқилган ва давлат давлат хизматини ҳар томонлама ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган. Бу фақат давлат реестрига киритилган лавозимларда фаолиятни амалга оширадиган давлат хизматчиларига тегишли.

«Бу — анча йиллардан бери кутилган жуда ҳам муҳим қонун. Халқимиз кутаётган қонун», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Қонунда давлат хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек иш билан таъминлаш тамойиллари ва ушбу соҳадаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувларининг олдини олиш механизмлари белгиланган. Халққа хизмат қилиш давлат хизматининг асосий тамойилларидан бири эканлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда. Давлат хизмати соҳасидаги ваколатли organ Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳисобланади.

Агентлик хабарига кўра, қонун билан 200 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотларидаги 100 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятини тартибга солади.

Ҳужжатда давлат хизматига номзодлар мустақил танлов асосида ёлланиши ва уларнинг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиланмоқда. Давлат хизматчиларининг самарадорлиги ва ваколатини баҳолаш мезонлари, уларнинг малакасини ошириш талаблари белгиланган.

Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар, қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.

Қонун давлат хизмати соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ва манфаатлар тўқнашувларининг олдини олиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қайд этишича, қонунда давлат органларида коррупсияга қарши чораларни амалга ошириш нормалари, шунингдек давлат хизматчилари учун чекловлар белгиланган.

Акмал Бурхонов. Фото: Сенат матбуот хизмати.

Белгиланган одоб-ахлоқ қоидaларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиши, ўз хизмат мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланмаслиги, қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда ўз даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши, давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши шартлиги каби мажбуриятлар ўрнатилмоқда.

Давлат хизматидаги коррупцияга қарши курашга бағишланган алоҳида бобда давлат хизматчиларига совғалар олиш ва бериш қоидалари, шунингдек коррупция хавфи юқори бўлган лавозимларни эгаллаган давлат хизматчиларининг ротацияси талаблари каби профилактика механизмлари белгиланган.

«Тан олиб айтиш керак, муқаддам давлат бошқарувида бундай нормаларнинг мавжуд бўлмаганлиги ёки қонун билан тартибга солинмаганлиги, давлат хизмати муносабатларида таниш-билишчилик, адолатсизлик ва коррупцион хавфларни келтириб чиқаришига ҳамда айрим фуқароларнинг давлат хизматига бўлган ишончнинг камайишига сабаб бўлаётган эди», — деди Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов.

Қонун президент томонидан имзоланган кундан уч ой ўтиб, кучга киради.