Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасида янги лойиҳани ишга туширмоқда. Бу ҳақдаги ҳужжат 26 июль куни FAO субминтақавий координатори Виорел Гуcунинг ташрифи чоғида имзоланди, дея хабар берди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Лойиҳа «Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича миллий ҳаракатларни ва кўрсатилаётган техник ёрдамни кузатиш бўйича интеграциялашган ва кенгайтирилган шаффофлик тизимини яратиш бўйича салоҳиятни ошириш» деб номланади. У Глобал Экологик Жамғарма (ГEФ) томонидан молиялаштирилади ва иқлим ўзгариши таҳдидига глобал жавоб чораларини кучайтиришга қаратилган Париж келишуви доирасида янги кенгайтирилган шаффофлик асосига ўтишга тайёргарлик кўришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган.

Лойиҳа доирасида FAO`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Мониторинг, ҳисобот бериш ва текшириш тизимини ишлаб чиқади.

Атмосферадаги карбонат ангидридни камайтириш мақсадига эришиш учун ҳар бир мамлакат иқлим бўйича индивидуал мажбуриятларни ишлаб чиқди, улар миллий миқёсда аниқланган ҳиссалар деб номланади. Париж келишувида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мамлакатда иқлим ўзгаришига мослашишни бошқариш билан боғлиқ қоидалар ҳам мавжуд.

«Кенгайтирилган шаффофлик доирасидаги иштирок ва мунтазам ҳисобот бериш ҳукуматларга иқлим бўйича ўз ҳаракатларини яхшироқ баҳолаш ва режалаштириш имконини беради. Бу асос иссиқхона газлари чиқиндилари, эмиссияларни камайтириш ва иқлим ўзгариши таъсирига мослашишда эришилган ютуқлар билан боғлиқ маълумотларнинг шаффофлигини таъминлайди», — дея тушунтириш берди Ўзгидромет.

Ўзбекистон 2017 йил 19 апрелда Париж битимини имзолаган ва 2018 йилнинг ноябрида уни ратификация қилган. Ҳужжатни имзолаш орқали Ўзбекистон бошқа давлатлар қатори дунёда ўртача глобал ҳароратнинг ошишини Цельсий бўйича 2 даражадан анча паст даражада ушлаб туриш мажбуриятини олди. Ўзбекистоннинг «Миллий миқёсда белгиланган ҳиссаси» 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга камайтириш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтириб, мослашиш салоҳиятини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришни белгилайди.

Ўзгидромет иқлим ўзгариши ва Париж келишувини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи ташкилот сифатида мамлакатнинг иқлим бўйича мажбуриятлари бўйича ҳисобот бериши учун масъулдир.