Ўзбекистон мобиль интернет нархининг арзонлиги бўйича дунёдаги 20 та давлат қаторидан жой олди. Бу ҳақда Cable.co.uk портали маълумотларига таяниб, Spot хабар бермоқда.

Унга кўра, Ўзбекистонда мобил интернетнинг ўртача тарифи нархи йил давомида деярли 40 фоизга арзонлашган. Май ойи ҳолатига 28 та тариф режасини таққослаш асосида 1 ГБ мобил трафик ўртача 0,3712 АҚШ долларини ташкил этгани маълум бўлди. Мазкур кўрсаткич билан Ўзбекистон жаҳонда 15-ўринни, МДҲда эса 2-ўринни (Қирғизистондан кейин) эгаллади.

Фото: Cable.co.uk.

2021 йилда Ўзбекистон 1 ГБ учун ўртача 0,6 долларлик трафик нархи билан 22-ўринни эгаллаганди. Қирғизистондан ташқари Қозоғистон ҳам 0,59 доллар билан олдинда эди.

Сўнгги икки йилда ўринларда яна сезиларли ўзгаришлар бўлди. 2020 йилда Ўзбекистон 55-ўринни (1,34 доллар), 2019 йилда эса 69-ўринни (3,27 доллар) эгаллаган. Бошқача айтганда, уч йил давомида мобил интернет ўртача 8,8 баробар арзонлашган.

Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бўйича энг арзон трафик энди Қирғизистон томонидан таклиф қилинмоқда — бир гигабайт учун 0,17 доллар. Дунёда у бир йилда тўрт поғонага тушиб, 6-ўринни эгаллаб турибди.

Қозоғистон (0,3726 доллар) бир оз фарқ билан Ўзбекистондан сўнг, 16-ўринда бормоқда. Украина ўртача 0,43 доллар билан 24-ўринни, Россия 30-ўринни (0,48 доллар) эгаллади.

Минтақада энг қиммат интернет Туркманистонда — 1 Гб учун 14,27 доллар (227-ўрин). Тожикистон ҳам юқори тарифлар билан ажралиб туради ва 131-ўринни эгаллади (1,94 доллар).

Ташкилотчиларнинг фикрича, арзон мобил интернет нархлари ривожланган инфратузилма ва юқори талаб билан боғлиқ. Ўз навбатида, ривожланган мамлакатларда трафик нархи кўпинча қимматроқ туради.

Исроил энг ҳамёнбоп мобил интернетга эга мамлакат сифатида тан олинган бўлиб, унинг ўртача нархи бир гигабайт учун 0,04 долларни ташкил қилади. Иккинчи ўринда Италия (0,12 доллар), учинчи ўринда Сан-Марино (0,12 доллар). Шунингдек, кучли бешликдан Фижи (0,15 доллар) ва Ҳиндистон (0,17 доллар) жой олди.

Аутсайдерлар рўйхатига асосан орол ҳудудлари киради — Британияга қарашли Сент-Елена ороллари (41,06 доллар) ва Фолкленд ороллари (38,45 доллар), шунингдек, Сан-Томе ва Принсипи Республикаси (29,49 доллар).

Аввалроқ, Самарқандда 5G интернет тармоғи синовдан ўтказилгани хабар қилинганди.