Самарқанд шаҳридаги эшкак эшиш канали ҳудудида қурилаётган туризм марказида бешинчи авлод мобил алоқа тармоғи — 5G`ни синовдан ўтказиш бошланди. Бу ҳақда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

У интернетга уланиш тезлигини ўлчаш дастурининг скриншотларини тақдим этди, ундан юклаб олиш тезлиги 896 Мбит/с, тармоқ номи эса 5G Uzmobile эканлигини кўриш мумкин.

«Ушбу марказ нафақат халқаро тадбирлар ўтказиладиган ва туристлар яхши дам оладиган жой бўлмоқда», — деди вазир. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда биринчи маротаба барча мобиль алоқа операторлар ҳамкорликда антенна инфратузилмасини битта мачтада кўтариб, бинолар ичида ҳам Active DAS тизимини ҳамкорликда ишлатиб, юқори тезликдаги сифатли хизматлар кўрсатишларига имкон яратишмоқда.

Шерзод Шерматов жорий йил 24−27 октябрь кунлари бу йилги АКТ ҳафталиги айнан мазкур Самарқанд туризм марказида ўтказилишини эслатиб ўтди.

«Газета.uz» аввалроқ 200 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Туризм маркази қандай кўринишда бўлиши ва уни ким қураётгани ҳақида ёзганди. Бу ерда саккизта меҳмонхона, конгресс-холл, «Абадий шаҳар» карвон саройи барпо этилмоқда, эшкак эшиш канали бўйлаб истироҳат боғи ҳам бунёд этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев июль ойи ўрталари ва ўтган йилнинг апрель ойида марказга ташриф буюрганди.

Маълумот учун, сентябр ойида Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтиши кутилмоқда.