Uzcard ва HUMO тўлов тизимлари ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашди. Бу ҳақда Uzcard матбуот хизмати хабар берди.

Меморандум компаниялар инфратузилмаларини интеграциялашни назарда тутади. Шу муносабат билан тўлов тизимлари терминаллари йил сўнгига қадар иккала турдаги карталарни ҳам қабул қила бошлайди.

«Инфратузилмаларнинг интеграцияси карта эгалари, банклар ва бизнес эгаларига сезиларли фойда келтиради. Харидорларнинг савдо нуқталарига келгач қайси терминаллардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақидаги ўйлари йўқолади, тадбиркорлар эса иккала картадан тўловларни битта терминал орқали қабул қилишлари мумкин бўлади», — деди Миллий банклараро процессинг маркази директори Шуҳратбек Қурбонов.

Шу билан бир қаторда, унинг сўзларига кўра Uzcard ва HUMO Ўзбекистоннинг тўлов хизматлари бозорида рақобат муҳитини яратишда давом этади.

Шунингдек, меморандум доирасида компаниялар карта эгалари, банклар, тўлов ташкилотлари ва чакана савдо нуқталарининг манфаатларини ҳимоя қилишга, нақдсиз тўловларни рағбатлантириш учун технологияларни такомиллаштиришга, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олишди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил сентябрь ойида Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов Uzcard ва HUMO тўлов тизимларининг бирлашиши ҳақидаги хабарларни рад этган эди.