Халқ таълими вазирлиги Хоразм вилоятида 17 мингдан ортиқ халқ таълими ходимлари июнь ойида олиши керак бўлган жами 80 млрд сўмдан ортиқ меҳнат таътили пулларини ололмаётгани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирди.

ХТВ матбуот хизмати хабарига кўра, Халқ таълими тизимидаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган ходимлар йиллик асосий меҳнат таътилига босқичма-босқич (уч босқичда) июнь-август ойлари давомида чиқарилади. Давлат бюджетидан ушбу босқичлар учун мутаносиб равишда маблағлар ажратилади. Республика бўйича жами 3,8 трлн сўм, жумладан Хоразм вилояти бўйича 211 млрд сўм маблағ тўлаб берилиши кўзда тутилган.

ХТВ таъкидлашича, меҳнат таътили пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланган Хоразм вилояти Адлия бошқармаси ўрганишлари вақти меҳнат таътили пули бўйича тўлов жараёнлари билан бир вақтда амалга оширилган. Тўланмаган деб келтирилган маблағлар июль ойининг бошида тўлиқ тўлаб берилиши таъминланган, дейилади хабарда.

Ҳозиргача халқ таълими тизими ходимларининг меҳнат таътили учун республика бўйича 3,65 трлн сўм пули берилган. Жумладан, Хоразм вилояти бўйича 203 млрд сўм тўловлар амалга оширилган. Ҳозирда учинчи босқичда меҳнат таътилига чиққан ходимлар учун меҳнат таътили тўловлари режа асосида ўрнатилган тартибда амалга оширилмоқда.