Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда автомобилга газ қуйиш шохобчаларида нарх ошгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

14 июль куни Ҳукумат бизнес учун электр энергияси ва газ нархининг ошиши қайд этилган Вазирлар Маҳкамасининг 30 июндаги қарорини вақтинча тўхтатиб қўйди.

Натижада газ қуйиш шохобчалари учун маҳсулотларни сотиш нархлари ошмаган ва бир хил даражада сақланиб қолган.

«Шу муносабат билан, АГТКШларида автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш учун ишлатиладиган метан нархини оширишнинг объектив сабаблари йўқ. Бироқ, эслатиб ўтамизки, Энергетика вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари АГТКШларнинг нарх сиёсатига таъсир кўрсатиш имкониятига эга эмас, чунки АГТКШлар бозор шароитида фаолият юритади ва талаб ва таклифга қараб нархларни ўзлари шакллантиради», — дейилади вазирлик хабарида.


Тармоқларда метан нархи 15 июлдан 3000−3100 сўмга ошгани акс этган суратлар тарқалди. Бунга қадар эса нархлар 2300 сўмдан 2800 сўмгача бўлган.

«Газета.uz»га «Ўзтрансгаз» матбуот хизмати маълум қилишича, компания республикадаги 1200 дан зиёд газ қуйиш шохобчаларидан 350 тасига бевосита табиий газ етказиб беради. Аввалроқ уларга табиий газ нархи 15 июлдан ошиши ҳақида билдиришнома юборилган бўлган, бироқ ушбу қарор кучга киришидан бир кун олдин вақтинча тўхтатилиб қўйилди.

«„Ўзтрансгаз“ 350 та газ қуйиш шохобчаларига табиий газни эски нархда (бир куб метр учун 1150 сўм ўрнига 1000 сўмдан) етказиб бермоқда. Агар ўша газ қуйиш шохобчаларида нарх кўтарилиши қайд қилинган бўлса, бу тадбиркорлик субъектларининг мустақил қарори бўлади — бунга „Ўзтрансгаз“ аралаша олмайди», — дейилади хабарда.

Компаниянинг таъкидлашича, нархлар оширилиши «газ қуйиш шохобчаларидан солиқлар олдиндан ундирилиши» билан боғлиқ бўлиши мумкин, шунинг учун улар солиқларни юқори газ нархларида тўлашлари мумкин.

Бироқ, Ҳудудгазтаминот етказиб берилган газ учун олдиндан тўлов ҳар ойнинг 25-санасига қадар амалга оширилишини, яъни июль учун тўлов 25 июнь куни эски нархда амалга оширилганини маълум қилди.

«Вазирлар Маҳкамасининг [22-сонли] қарорининг 114-бандига мувофиқ, етказиб берилган газ учун тўлиқ тўлов кейинги ойнинг 10 санасига қадар амалга оширилади, яъни бизнинг ҳолатимизда 10 августгача. Тарифлар аввалгидек қолди», — дея қайд этди компания.

Бундан ташқари, «Газета.uz» сўровига кўра, Давлат солиқ қўмитаси юқоридаги қарорнинг 122−1-бандига асосан тарифларнинг ошиши билан истеъмолчи олдиндан тўланган табиий газ миқдори учун қўшимча тўловларни амалга оширишдан (тўлов амалга оширилган кундан бошлаб бир ойдан кўп бўлмаган муддатга) озод қилинишини эслатиб ўтди.

«Якуний истеъмолчига сотилган нефт маҳсулотлари учун аксиз солиғи ставкалари — ҳажмига нисбатан белгиланган (Солиқ кодексининг 289−3-моддаси). АГТКШ учун маҳсулот сотиш нархларида ўсиш йўқлиги сабабли даромад солиғи ва ҚҚС бўйича солиқ базаси бўйича ўзгаришлар ҳам йўқ», — дейилади қўмита хабарида.