Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматга Россия бозорини тарк этган хорижий компанияларнинг Қозоғистонга кўчирилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича топшириқ берди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.

«Деярли 1400 та йирик хорижий компаниядан ҳар иккитаси ўз фаолиятини тўхтатди ёки Россия бозорини бутунлай тарк этди. Ҳукумат уларнинг Қозоғистонга кўчирилиши учун қулай шароит яратиши керак. Бу бизга ўрта ва юқори қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун яхши имкониятлар беради», — деди давлат раҳбари ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида.

Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматга ишлаб чиқариш саноатида инвестиция лойиҳалари жамғармасини тайёрлаш ва потенциал инвесторлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш бўйича берган топшириғини эслатди.

«Ушбу иш ҳозирча йиғилиш ва учрашувлар режимида олиб борилмоқда. Аниқ натижаларга келсак, ҳали мақтанадиган нарса йўқ. Янги лойиҳалар деярли йўқ. Яна бир бор таъкидлайманки, лойиҳалар биринчи навбатда ҳудудларда, жойларда амалга оширилмоқда. Шу боис, уларни жалб қилиш ва якуний натижага эришиш бўйича ҳокимлардан талаб вазирликларда бўлгани каби бўлади», — дея таъкидлади президент.