12 июль куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъати раиси Михаил Мясникович бошчилигидаги ЕИК делегациясини қабул қилди, дея хабар берди ИТСВ матбуот хизмати.

Муҳокама якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ҳукумати ва ЕИКнинг 2021−2023 йилларга мўлжалланган амалдаги Қўшма тадбирлар режасига Ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхатини имзоладилар.

Ҳужжатда мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ЕИКнинг тегишли бўлинмалари билан савдо, саноат, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария стандартлари, энергетика, фармацевтика, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилиш чора-тадбирлари кўзда тутилган.

ЕИК матбуот хизмати янгиланган ҳужжат савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш учун асос бўлишини маълум қилди. У саноат ҳамкорлигининг янги йўналишларини ўз ичига олади. Улар божхона ҳамкорлиги (жумладан, юкларни кузатишда навигация пломбаларидан фойдаланиш, божхона транзитининг бошқа жиҳатлари), техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария, фитосанитария ва ветеринария стандартлари соҳасидаги ёндашувларни босқичма-босқич мувофиқлаштириш бўйича ишлардир. Шунингдек, гап юк ташишни рақамлаштириш, иқлим кун тартиби, электрон тижорат, Ўзбекистоннинг Евроосиё Агроэкспресс лойиҳасини амалга оширишдаги иштироки ва бошқалар бўйича ҳамкорлик ҳақида ҳам бормоқда.

Шу куннинг ўзида Михаил Мясниковични Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қабул қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, томонлар савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини кучайтириш ва ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, лойиҳавий ҳамкорликни ривожлантириш, транзит соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, миграция тартиботларини соддалаштириш ва ўзаро сайёҳлар оқимини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

«Евроосиё иқтисодий комиссияси Ўзбекистон ҳукумати билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ҳамкорликни ривожлантириш учун захиралар мавжуд, энг муҳими, интеграцияни чуқурлаштириш учун шахсий, муҳтарам президент жаноблари, сиёсий иродангиз бор», — деди ЕИК Ҳайъати раиси.

Михаил Мясникович инвестиция ва молиявий сиёсат, миграция, шунингдек, янги йўналишлар — фан, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболини кўришини таъкидлади.

Михаил Мясникович «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистон президенти ЕИК билан сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлаганини айтди.

«Ҳақиқатан ҳам бизнес манфаатлари асосида ишлайдиган қўшма компаниялар, вертикал ва горизонтал қурилган тузилмалар бўлиши керак», деди у.

Михаил Мясниковичнинг фикрича, Ўзбекистон ЕИК учун шарқий ҳамкорлар билан самарали боғловчи ролини ўйнашга ҳамда «ЕИК, „Бир камар, бир йўл“ ташаббуси ва Катта Евроосиё ҳамкорлиги ўртасида кўприк бўла олади».

Бундан ташқари, ЕИК Ҳайъати раҳбари Ўзбекистон ва ЕИК ишбилармонлик кенгашларининг қўшма мажлисини ўтказишни таклиф қилди.