Айрим ОТМларда талабалардан «айланма варақа» («обходной»)ни қоғоз шаклда тўлдириб келишни талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Адлия вазирлиги матбуот хизмати мазкур ҳолатга муносабат билдириб, бу президант фармони талабига номувофиқ эканлигини маълум қилди.

Президентнинг 2021 йил 23 мартдаги [ПФ-6191-сон] фармони билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, Халқ таълими вазирлигига ҳамда тизимида таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларга 2021 йил май ойига қадар таълим муассасаларини тугатганда ёки ўқишни бир таълим муассасасидан бошқасига кўчирганда айланма варақани тўлдириш амалиёти бекор қилинган.

Бунда тўлов шартномаси бўйича мажбурият бажарилганлиги, ахборот ресурс марказидан қарзи йўқлиги, ўқув бўлимидан академик қарздор эмаслиги, талабалар турар жойидан қарздор эмаслиги ҳақидаги маълумотномалар ички идоралараро электрон ҳамкорлик ёки ўзаро ахборот алмашинуви йўли билан олинади.

Олий таълим вазирлиги 2021 йил 28 апрелда Адлия вазирлигига фармоннинг ижроси таъминлангани ва барча ОТМларда «HEMIS» ахборот тизимида ташкил этилган «айланма варақа» модули асосида электрон шаклда маълумотномалар йиғилиши йўлга қўйилганлиги ҳақида ахборот берилган.

«Бироқ, ўтказилган таҳлиллар ва ОАВларда эълон қилинаётган мақолалар айрим олий таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон президентининг фармонида белгиланган талаблар бажарилмаётганини ҳамда фармон талабига зид равишда аҳолидан ортиқча ва асоссиз ҳужжатлар талаб қилинаётганини кўрсатди. Олий таълим муассасаларининг талаблардан «айланма варақа»ни барчадан бирдек «қоғоз шаклда» тўлдириб келишни талаб қилиши нотўғри ва фармон талабларига номувофиқ ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

Адлия вазирлиги томонидан мазкур ҳолатлар таҳлил қилиниб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига президент фармонида белгиланган талаблар айрим олий таълим муассасалари томонидан бажарилмаётганини кўрсатиб, қисқа муддатда юклатилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, бу бўйича барча давлат олий таълим муассасларига кўрсатмалар киритиш тўғрисида тақдимнома киритилмоқда.

Адлия вазирлиги барча олий таълим муассасаларини ҳамда тизимида таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарларини аҳолини овора қилмасликка, улардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган ҳужжатларни, шу жумладан «айланма варақа»ни қоғоз шаклда тўлдиришни талаб қилмасликка, фармонда белгиланган талаблар ижросини сўзсиз таъминлашга чақирмоқда.

Шунингдек, аҳолидан асоссиз ва ортиқча ҳужжат талаб қилиниши ёки уларнинг оворагарчилигига йўл қўйилиши мансабдор шахслар учун жавобгарликни келтириб чиқариши тўғрисида огоҳлантиради, дейилади хабарда.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, 2020−2021 йилларда бюрократия ва қоғозбозликни қисқартириш мақсадида аҳоли ва тадбиркорлардан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинганини эслатиб ўтди. Тегишли маълумотлар заруратга кўра давлат органлари томонидан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда олиш амалиёти жорий этилган.

«Биргина мазкур 73 та ҳужжатларни аҳолидан талаб қилиниши бекор қилиниши натижасида йилиги 15 млн.дан ортиқ аҳолини турли идораларга бориш ва кутиш билан боғлиқ оворагарчилигига чек қўйилди. Уларнинг ушбу идораларга бориш-келиш билан боғлиқ 200 млрд сўмдан ортиқ маблағлари тежалишига эришилди», — дейилади хабарда.