Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Шўрсув шаҳарчаси ҳудудидаги бешта гипс ишлаб чиқаришга мослашган корхона ҳавони ифлослантираётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси ўрганишлар ўтказди.

Мазкур корхонага мобиль экологик лаборатория жалб қилиниб, ҳаводан намуналар олинди ҳамда таҳлил амалга оширилди.

Натижада ҳавони ифлослантирувчи моддалар 4 та нуқтада 1,5 дан 23,6 мартага ва 2 та нуқтада 3,2 дан 4,6 мартага белгиланган меъёрлардан ортиқлиги аниқланди, дейилади хабарда.

Ҳудудда жойлашган ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқаётган чанг ва газларни камайтириш, атроф-муҳит ифлосланишини олдини олиш мақсадида 12 та корхонада, жумладан «Tsement Xom Ashyo Savdosi» МЧЖ, «Yaypan Qurilish Bunyodkor» МЧЖ, «Sho‘rsuv Baraka Gips» МЧЖ, «Vodiy Gips» МЧЖ, «OLMOS GIPS» МЧЖ, «Evro Global Gips» ХК, «IMKON GIPS» ХК, «FAYZ GIPS» ХК, «Gold Gips Card» МЧЖ, «Gips Group National» МЧЖ, «Стар Гениус» МЧЖ ҳамда «Чўян Юинг» ХКларда текширишлар амалга оширилди.

Текширув давомида учта корхона томонидан гипс ишлаб чиқариш цехи учун чанг-газ ушлаш қурилмаси ўрнатилмагани, давлат экологик экспертиза хулосалари олинмагани, яна иккитасида ўрнатилган чанг-газ ушлаш қурилмалари талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди.

«Натижасида атмосфера ҳавосига ташланган гипс чанги ва атроф-муҳитга чиқарилган гипс тош чиқиндилар учун қўшимча компенсация суммалари ҳисобланиб, ваколат доирасида 5 та „OLMOS GIPS“, „Evro Global Gips“, „IMKON GIPS“, „FAYZ GIPS“ ва „Gips Group National“ корхоналари фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талаблари бажарилиши бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди», — дейилади қўмита баёнотида.

Қўмита мутахассислари корхона фаолиятини бошқариш технологиясини муҳрламоқда.

Белгиланган муддатда экологик талаблар бажарилмагани сабабли корхоналар фаолиятини тўхтатиш учун Иқтисодий ишлар бўйича Ўзбекистон туманлараро судига ҳужжатлар тақдим этилган.

Давомий равишда 4 та гипс ва 2 та цемент ишлаб чиқариш корхоналар фаолиятида табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатлар ижросини ўрганиш юзасидан текшириш ўтказилиши бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани қўшимча қилинган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон туманидаги қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талаблари асосида йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарини экологик талаблар асосида модернизациялаш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилгани қайд этилган.

Қўмита хабарига кўра, дастур доирасида ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналарида юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади, шунингдек, Шўрсув шаҳарчасидаги саноат корхоналарини ўз ичига олган замонавий технологиялар билан жиҳозланган, атроф-муҳитга кам таъсир кўрсатувчи «яшил технологиялар»ни қўллаган ҳолда кластер усулида «кичик саноат зонаси» ташкил этилади.

Давлат экология қўмитаси томонидан мазкур ҳудудда текширувлар давом эттирилмоқда.