26 июндан буён Қорақалпоғистонда мобил интернет, 1 июлдан эса стационар интернетда муаммолар юзага келган. Пойтахт Нукус шаҳрида ва республика туманларида деярли ҳамма жойда тўлов терминаллари, нақд пул бериш учун банкоматлар ишлаётгани йўқ, нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилишнинг имкони йўқ, интернет ёрдамисиз олиб бўлинмайдиган давлат ва бошқа хизматлар кўрсатилмаяпти.

Ушбу чекловлар Конституцияда Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш назарда тутилган лойиҳа эълон қилинганидан кейин ўрнатилди. Одамлар ўзгартишларга қарши мурожаатларни интернетга жойлаштира бошлади. Орадан бир ҳафта ўтмай, Нукусда оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Нукусга келган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзгартишлар қабул қилинмаслигини айтди. Қарор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ҳам тасдиқланди. Нукусда вазият барқарорлашди. Аммо интернетга кириш чекланганлигича қолмоқда.

29 июнь куни «Газета.uz» Ucell ва Mobiuz техник ёрдам хизмати билан боғланганида, 26 июнь куни асосий маълумотларни узатиш каналида юзага келган муаммолар ҳақида хабар берилди. Ucell бу муаммо ҳудуддаги абонентларнинг 90 фоизига таъсир қилгани ва барча уяли алоқа операторлари ишига таъсир кўрсатганини билдирди. Муаммолар қачон ҳал қилиниши айтилмади. Mobiuz регулятор томонидан чекловлар киритилганини рад этиб, юқоридаги маълумотларни такрорлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати сўровимизга жавобан магистрал тармоқдаги носозликлар ҳақида маълумотлар келиб тушмаганини маълум қилди. «Ўзкомназорат» инспекцияси эса уларда маълумот йўқлигини билдирди.

30 июнь куни Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган абонентлар уяли алоқа операторларидан «ҳаво ҳароратининг юқорилиги» сабабли интернетда чекловлар мавжудлиги ҳақида хабар олишган.

3 июль куни «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов Нукусда эди. У интернетнинг ўчирилиши одамлар ҳаётига қандай таъсир этаётгани ва ҳуқуқларини чеклаб қўяётганига шахсан гувоҳ бўлди.

«Оператор мобил маълумотларни узатишни вақтинча ўчириб қўйди»

3 июль куни эрталаб Нукус халқаро аэропортига қўндим. Соат 8:48 да самолёт қўнаётганда Uzmobile оператори худди Beeline сингари телефонга мобил маълумотлар узатиш вақтинча ўчириб қўйилгани ҳақида хабарнома юборди. Фақатгина телефон қўнғироқлари ва СМС хизмати мавжуд эди.

Шаҳар бўйлаб саёҳат қилиш учун аввалроқ Тошкентда Maps.me иловасига Нукуснинг офлайн харитасини юклаб олгандим.

Maps.me офлайн харитаси.

Парвозга қадар нукусликлар менга интернет қисман 2G ёки Edge орқали ишлашини айтишди. Бунинг учун телефон созламаларида уланишни «фақат 2G» режимига ўтказиш керак. Ушбу режимдаги маълумотлар узоқ кечикиш билан узатилади. Telegram`да одатда бир неча сония ичида жўнаб кетадиган хабар манзилга 10−30 дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт ичида етиб бориши мумкин. Кичик ўлчамдаги фотосуратни юбориш учун эса 3 соат вақт кетди.

Якшанба, тартибсизликлар якунланганининг эртасига, фавқулодда ҳолат жорий этилган биринчи кунда деярли барча дўконлар, савдо марказлари, кафе ва ресторанлар, айниқса, асосий кўчалар бўйлаб ёпиқ эди. Озиқ-овқат дўконларини шаҳар чеккасида ёки аҳоли турар жойлари орасидангина топиш мумкин эди.

«Фақат 2G» режими.

Мен суҳбатлашган аҳолининг аксарияти буни интернет йўқлиги сабабли мобил тўловлар, терминаллар ишламаётгани билан изоҳлади. Аммо янги норозилик намойишлари эҳтимоли туфайли дўконлар хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпилганини айтганлар ҳам бор эди. Шу билан бирга, кун давомида шаҳарда бирорта ҳам зарарланган бино ёки дўконни учратмадим.

Аксарият банкоматлар орқали нақд пул олиш имконияти ҳам мавжуд эмас эди. Шу сабабли, аҳолининг озиқ-овқат ва дори-дармон сотиб олиш имконияти йўқ, чунки кўпчилик иш ҳақини тўлиқ (100 фоиз) картада олади.

Payme, Click, Apelsin ва бошқа тўлов хизматлари орқали хизматлар учун тўлаш ҳам деярли имконсиз. Баъзи дўконлар Click`дан USSD буйруқлар орқали тўловларни қабул қиларди.

Нукус аэропорти яқинидаги Миймандос кўчасида икки фарзандли оилани учратдим. Аёлнинг айтишича, 2 июль куни улар уйда бўлган. Ўша куни шовқинли гранаталар портлаши ва ўқларнинг овози туфайли мазаси бўлмай қолгани учун у валерианка ичган. Болалар ҳам аввалига қўрқиб кетишган, лекин кейинроқ портлаш товушларига тақлид қилиб, уруш-уруш ўйнашни бошлаган.

«2 июль куни кечқурун интернет ишлай бошлаганида, мен бироз тинчландим. Лекин Humo карталари ишламаяпти, дўкондан қарзга озиқ-овқат оляпмиз. Uzcard ҳам ишламаяпти. Маошимизни пластик картага оламиз. Пулларни нақдлаштириш керак, лекин банкоматлар ҳамма жойда ҳам ишламаяпти», деди у.

Марказий бозор яқинидаги банкомат. «Вақтинчалик иш фаолиятида эмас» ёзуви.

Унинг сўзларига кўра, боқувчисини йўқотганлик нафақасини оладиган уч таниши шанба куни озиқ-овқат олиш учун бозорга боришган, лекин ҳеч нарса олишолмаган ва пулларни нақдлаштиролмаган.

Аёлнинг турмуш ўртоғи 1 июль куни соат тахминан 21:00 да стационар интернет (Wi-Fi) ҳам ўчирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, президент 2 июль куни Нукусга келганидан кейин интернет бир неча дақиқага «ёқилган». Ўшанда оила Конституцияга Қорақалпоғистоннинг мақоми тўғрисидаги ўзгартиришлар бекор қилинишини билиб олган.

Эркак Конституцияга ўзгартириш киритиш ташаббуси аслида Жўқорғи Кенес депутатларидан чиққанига шубҳа қилмоқда.

У ва кейинроқ яна бир фуқаронинг хабар беришича, қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилгандан сўнг Конституциявий ислоҳотлар комиссияси раҳбари Акмал Саидов гўёки ўзгартишларни муҳокама қилиш учун Тошкентда судялар корпуси билан учрашган. Унинг сўзларига кўра, қорақалпоғистонлик судялардан бири Акмал Саидовни Қорақалпоғистон мақомининг ўзгариши республикада норозиликка олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. 1 июль куни Олий суд матбуот хизмати ушбу учрашув ҳақида пресс-релиз эълон қилди.

Нукус шаҳридаги Корзинка супермаркети.

Нукусдаги Марказий бозор яқинида жойлашган савдо қаторларининг аксарияти ишламаётганди. Корзинка супермаркети ва Медиапарк савдо мажмуаси ҳам ёпиқ эди. Унинг ёнидаги «Ҳамкорбанк» банкоматлари ҳам ишламасди. Айни пайтда бошқа банк банкоматидан пул ечиш имконияти борлиги учун ўша ерда навбат ҳосил бўлганди.

Тушликдан кейин Тошкентга қайтиш чиптасини олмоқчи бўлдим, лекин алоқа йўқлиги сабабли авиакасса ёпилди. Аэропорт олдидаги ИИО ходими аэропорт кассалари ҳам ишламаётгани, Нукусдан учиш учун Тошкентга қўнғироқ қилиб, танишлардан қайтиш чиптасини олиб беришларини сўраш кераклигини айтди. Мен айнан шундай қилдим.

Шаҳар четидаги «Кос Кол-4» маҳалласида жойлашган тергов изоляторига борганимдан сўнг марказга такси олиб қайтмоқчи бўлдим. Cobalt ҳайдовчиси мени айтган манзилимга олиб боришга рози бўлди, лекин охирги дақиқада мен суҳбатлашган аёллар югуриб келишди. Улар ҳайдовчига ишонмасликлари ва унинг ИИБ ходими бўлиши мумкинлигини айтиб, машинадан тушишимни сўрашди. Бунга жавобан ҳайдовчи ҳақиқий қорақалпоқ эканлигини айтиб, менинг хавфсизлигимга кафолат берди.

Аммо унинг сўзлари негадир хавфсизлигимдан хавотирда бўлган аёлларни ишонтира олмади. Менга сариқ такси топиб бермоқчи бўлишди, лекин охир-оқибат йўл четида турган Matiz ҳайдовчисига рози бўлишди.

Йўлда ҳайдовчи аслида пайвандчи эканлигини, бироқ интернет йўқлиги сабабли Telegram орқали хизматларини тарғиб қила олмаслигини айтди. У уйида бир ҳафта буюртмасиз ўтирган, пул тугай бошлагач, таксичи бўлиб ишлаш учун машина ижарага олган.

Таксидан кўриниш. Кўчанинг бир қисми ҳарбийлар томонидан тўсиб қўйилган.

Унинг сўзларига кўра, бошқа танишлари ҳам вақтинча такси ҳайдовчиси бўлишган, чунки алоқанинг чеклангани уларнинг асосий ишларига салбий таъсир қилган.

«Бу ерда ҳамма нарса қийин — одамлар қийналмоқда… Намойишлар чоғида кўпчилик ўз яқинларини йўқотди. Биз бунчалик бўлади деб ўйламаган эдик», — деди у.

Ҳайдовчи рухсат берувчи идоралар ҳам ёпиқ бўлгани учун йўл қоғозисиз кирага чиқишга мажбур бўлганини айтди. «Путёвка» йўқлиги учун 5 БҲМ (1,5 млн сўм) миқдорида жарима солиниши мумкин, деди у.

«Мен сени 15 минг сўмга олиб бораман, лекин 1,5 млн сўм жарима тўлаш хавфи бор… Лекин мажбурман, чунки оиламни боқишим керак. Ишонасанми, ҳозир уйда 100 минг сўм ҳам йўқ», — деди.

Ҳайдовчи йўлда турмуш ўртоғи сақланиши мумкин бўлган тергов изоляторига бориб, уйига кетаётган яна бир йўловчи аёлни олди. Унинг сўзларига кўра, эри уйга кетаётган бўлса-да, намойишлар пайтида ҳибсга олинган. Аёл эрининг тирик ёки йўқлигини ҳам билмайди.

«Қизим уйда қолди, мен ўзим ногиронлигим туфайли ишламайман. Биз фақат унинг маошига яшардик, энди эса квартиранинг пулини тўлашимиз керак. Бизда озиқ-овқат учун пул йўқ. Пластик картага сотиб ололмаймиз, чунки терминаллар ишламаяпти», — деди у.

Кўп чорраҳаларда светофорлар ишламай қолган. Намойишлар пайтида ажратувчи панжараларнинг бир қисми демонтаж қилинган.

Аёл манзилига етиб боргач, ҳайдовчига қанча пул беришини сўради. Ҳайдовчининг айтишича, бундай вақтда одамлардан белгиланган миқдорни сўраш унга қийин бўлган.

«Бугун биз одамлардан қўшимча пул сўрай олмаймиз. Ҳозир ҳамма учун қийин. Қўлингдан келганича бер», — деди. Аёл унга 5000 сўмлик узатди.

Ҳайдовчи 3 июль куни яна митинг бўлиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳақида гапирди, чунки президент Нукусда телевидение орқали кўрсатган нутқида Конституциянинг ўзгартиришларсиз қолдириладиган 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини санаб ўтган, лекин 73-моддани айтмаган.

Мен 73-моддани шундоқ ҳам ўзгартириш режалаштирилмаганини тушунтирдим. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг мақоми билан боғлиқ бирор бир модда ҳам республика аҳолисининг розилигисиз ўзгартирилмаслигини таъкидлади.

Марказий бозор ёнидаги савдо шохобчаси.

73-моддада Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудуди ва чегаралари унинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмаслиги, Қорақалпоғистон ўзининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини мустақил ҳал қилиши белгиланган.

Тулепберген Қайипбергенов кўчасида, Игор Савицкий номидаги санъат музейи ёнида кун бўйи биринчи марта ишлаб турган умумий овқатланиш шохобчасини топишга муваффақ бўлдим. Кафе маъмури дастлаб кафе фақат етказиб бериш учун ишлаётганини айтди, лекин кейин у мени залга киритишга рози бўлди.

Савицкий музейи.

Муассаса ёнидаги кўчанинг бир қисми ҳарбийлар томонидан тўсиб қўйилган, улар ҳам кафега киришарди. Официантлар уларнинг биридан Нукусдаги бу ҳолат қанча давом этишини сўради. Ҳарбий хизматчи: «Яна бир ҳафта бўлса керак», деб жавоб берди ва: «Икки кундан кейин бўлса ҳам яхши бўларди, биз ҳам уйга қайтардик», деб қўшиб қўйди.

Нукусдаги меҳмонхоналар ҳам меҳмонларни фақат нақд пулга қабул қиляпти. Меҳмонхона ёнидаги дўкон терминал орқали тўловни қабул қила олди, бироқ сотувчининг қўшимча қилишича, қурилма алоқа сифати пастлиги туфайли доимий узилишлар билан ишламоқда.

Нукуслик Азаматнинг айтишича, интернетнинг чекланиши ҳақиқатда ҳаётнинг бошқа соҳаларига ҳам катта таъсир кўрсатмоқда. У мисол тариқасида банк хизматлари, кредит олиш ёки тўлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт, солиқ, лицензиялаш, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларни қамраб олувчи юзлаб давлат хизматларини келтирди.

Унинг эслатишича, тадбиркорлар 15 июлгача солиқ ва бошқа ҳисоботларни юборишлари керак, бироқ бу вақтгача интернет ишлайдими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас.

Бундан ташқари, «Газета.uz»га кредит ва бошқа тўловларни тўлашдаги муаммолар юзасидан мурожаат келиб тушди. Аризачи фавқулодда ҳолат муддати учун фоизлар ва кечиктирилган тўловлар ундириладими ёки йўқлигини сўради. Таҳририят Марказий банкка сўров юборди ва жавоб кутмоқда.

Шунингдек, «Газета.uz» Humo ва Uzcard тўлов тизимлари ҳамда Payme, Click ва Apelsin тўлов хизматларидан қанча тўловлар муомаладан чиқиб кетгани ва умуман олганда, интернет чекланиши уларнинг республикадаги фаолиятига қандай таъсир қилгани ҳақида маълумот беришни сўради. Жавобни олсак, эълон қиламиз.

Интернет ўчирилишининг одамлар ҳаёти ва ҳуқуқлари учун оқибатлари

23 июнь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси ўз ҳисоботида «Интернет ўчирилишининг одамлар ҳаёти ва инсон ҳуқуқларига реал таъсири етарлича англанмаётганлигини» таъкидлади. Ҳисобот давлатларни интернетни ўчириб қўймасликка чақиради.

Алоқа каналларини секинлаштириш ёки тўсиб қўйиш «минглаб ва ҳатто миллионлаб одамларни яқинлари билан боғланиш, ишлашни давом эттириш ёки сиёсий мунозаралар ва қарорлар қабул қилишда иштирок этишнинг ягона имкониятидан маҳрум қилади», дейди бошқарма.

Бошқарма маълумотларига кўра, расмийлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида интернетга киришни чеклашни иғво ва нотўғри маълумотлар тарқалишининг олдини олиш зарурати билан оқламоқда. Бироқ, ҳисоботда таъкидланишича, ўчиришлар кўпинча тескари таъсир кўрсатади, «қўрқув ва саросимани кучайтиради, келишмовчилик ва можаролар хавфини оширади».

Ҳисоботда айтилишича, интернетнинг ўчирилиши натижасида юзага келган иқтисодий зарбалар кўпинча вақт ўтиши билан сезилади ҳамда мавжуд ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликларни янада кучайтиради.

Ўзбекистон расмийлари Қорақалпоғистонда интернет чекланишига ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Нукусда содир бўлган ва содир бўлаётган воқеаларга оид бошқа «Газета.uz» материаллари қуйида келтирилган.