Душанба куни Ўзбекистондаги хусусий АЁҚШларда барча маркадаги бензин нархлари оширилгани маълум бўлди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Жумладан, Тошкентдаги Mustang ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин қуйидагича нархда сотилмоқда:

  • Аи-80 — 7500 сўм;
  • Аи-92 — 10 000 сўм;
  • Аи-95 — 11 000 сўм.

Биржада 1 июль ҳолатига Аи-80 нархи 8,78 минг сўмни ташкил этиб, 1 фоизга ўсиш кузатилган.

Сешанба куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўзига қарашли АЁҚШларда Аи-80 маркали автобензиннинг чакана нархи ўзгармаганини маълум қилди:

  • Аи-80 — 6800 сўм;
  • Аи-92 — 9700 сўм;
  • Аи-95 — 10 700 сўм.

Таъкидланишича, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан 2022 йилнинг шу даврига қадар 749,7 минг тонна хомашё қайта ишланди. Жумладан, автобензин (109,5%), дизель ёнилғиси (113,2%) бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари ижроси тўлиқ таъминланди.

Шунингдек, 72,7 минг тонна Евро 4−5−6 экологик тоифадаги дизель ёнилғиси ҳамда 179 тн миқдорида юқори октанли АИ-98 русумли автомобиль ёнилғиси ишлаб чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирларига келиб, декабрдан бери илк бор «Ўзбекнефтгаз» компаниясига қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6500 сўмдан 6800 сўмгача (4,3%) кўтарилганди. Ўшанда компания буни импорт қилинаётган 30 фоиз нефт маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархи ошгани билан изоҳлаганди.

Май ойида эса бошланғич нарх ўзгармаган ҳолда тоннаси 8,8 млн сўмдан сотиб олинган. Сотиб олиш нархи 1 млн сўмга кўп ёки 13 фоизга ошган.

«Ўзбекнефтгаз» биржада савдога чиқарилаётган автобензин истеъмолчига етказиб берилгунга қадар «солиқ, рентабеллик, транспорт харажатлари ва бошқа харажатлар» борлигини ҳам инобатга олиш лозимлигини таъкидлади.

Январь-апрель ойларида «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 314,2 минг тонна ишлаб чиқарилган бўлиб, биржа савдолари орқали 305,3 минг тонна сотилган. Ушбу даврда жамият тасарруфидаги нефтни қайта ишлаш заводларида жами 531,1 минг тонна хом ашё қайта ишланган бўлиб, шундан 103,7 минг тоннаси импорт хом ашёлар улушига тўғри келади 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 32,8 минг тонна кўп.

«Ҳозирги кунда жамият томонидан республика истеъмолчиларини нефть маҳсулотларга бўлган талабларини қоплаш учун 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорларда углеводород хом ашёларини импорт қилиниши зарур бўлмоқда», — дейилади компания хабарида. Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» вакиллари «Газета.uz»га АИ-80 бензини маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилишини маълум қилганди.

Йил бошидан Европа давлатларида содир бўлаётган геосиёсий воқеалар фонида жаҳон нефть бозорида 1 баррель Brent нефтнинг ўртача нархи 27,5 фоизга — 87,2 доллардан май ойи бошида ўртача 111,1 долларгача ўсди.

Қўшни давлатларда автобензин нархлари Туркманистонда — 0,2%, Қозоғистонда — 13,9%, Қирғизистонда — 17,7%, Россияда — 63,2% ўсди.