27 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод суди пойтахтда пичоқ қўлланилган ҳолда содир этилган оммавий муштлашувга оид иш якунида суд ҳукмини эълон қилди. Бу ҳақда шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

2021 йилнинг 31 октябрь куни кечаси Боғишамол кўчасида 10 нафарга яқин киши иштирокида можаро содир бўлганди. Кузатув камерасига 5 киши олдига иккита автомобил келиб тўхтагани ва ундан 10 дан ортиқ киши тушиб, уларга томон ҳаракатлангани тушиб қолган. 5 нафар йигит улардан қочишга уринган, икки нафари Chevrolet Equinox автомобилига ўтириб, ҳайдаб кетишга муваффақ бўлади. Ҳужум қилганларнинг икки нафари пичоқ билан машинанинг олд ғилдирагини тешишга улгуради.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ томонидан ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик қилиш; ҳаётга зарар етказиши мумкин бўлган пичоқ ёки буюмдан фойдаланиш ёки ишлатиш таҳдиди) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Иш материалларига кўра, Жаҳонгир А. (1982 йилда туғилган), Миртолип Х. (1991), Султонмурод М. (1993), Сиёвуш Х. (1996) ва шахсини аниқлаш имкони бўлмаган бошқа фуқаролар жиноий тил бириктирган. 31 октябрь куни улар «пичоқ ва бошқа буюмлар билан қуролланиб, Тошкент педиатрия тиббиёт институти (СамПИ) яқинидаги савдо маркази олдида беш кишига ўлдириш ва зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мақсадида уларга ҳужум қилиб, ўлдириш ва жиддий тан жароҳати етказилишини намоён қилувчи фаол ҳаракатларни амалга оширган. Аммо бундан хавфсираган жабрланувчилар воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлишган.

Шаҳар суди хабарига мувофиқ, судланувчилардан бири, Юқори Чирчиқ туманидаги «Шодлик» кўнгилочар масканида сауна маъмури бўлиб ишлаган Ботирхўжа Т. (1992) 2021 йилнинг ноябрь ойида Султонмурод М. билан жиноий тил бириктирган. Улар у ерда фоҳишахона ташкил қилиб, пул эвазига жинсий алоқа қилиш учун шароит яратиб беришган, ҳар бир мижоздан олинган 200 минг сўмнинг 50 минг сўмини улуш сифатида ўзида қолдирган.

Жиноят ишини судя Муроджон Мирзажонов кўриб чиқди. Воқеа бўйича олти киши судланган, беш киши айбли деб топилган.

Суд Жахонгир А.ни ЖКнинг 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўравонлик қўллаш орқали қўрқитиш) билан айбдор деб топиб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Суд унинг 2021 йилнинг 6 ноябридан бери қамоқда сақланганини эътиборга олиб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тўлиқ ўтаган деб ҳисоблашни белгилаб, унга нисбатан қўлланилган «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилди ва у суд залида қамоқдан озод қилди. Ҳукм қонуний кучга киргунга қадар Ж. А.га нисбатан «муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Миртолип Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 1-қисми билан юритилган жиноят иши айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб ҳаракатдан тугатилди. Шу билан бирга, судланувчи 112-модданинг 1-қисми (ўлдириш ёки зўравонлик қилиш билан таҳдид қилиш) билан айбдор деб топилди ва унга иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. ЖИБ Мирзо Улуғбек тумани судининг 2020 йил 5 июндаги ҳукми билан бирга, унинг жазолари қўшиб ҳисобланиб, 2021 йил 6 ноябрдан бери қамоқдалиги ҳисобга олиниб, узил-кесил 10 ой 9 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди. М. Х.га нисбатан қўлланилган «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залида қамоқдан озод қилинди.

Сиёвуш Х. ҳам ўлдириш ёки куч ишлатиш билан қўрқитишда айбдор деб топилиб, тайинланган жазони ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан БҲМнинг 50 баравари (11,15 млн сўм) жарима белгиланиб, 2 йил 6 ой 26 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Султонмурод М. 112-модданинг 1-қисми (ўлдириш ёки зўравонлик қилиш билан таҳдид қилиш), 131-модданинг 3-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) ва ЖК 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан айбдор деб топилиб, 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд Ботирхўжа Т.ни ҳам қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш ва ўзбошимчаликда айбдор деб топиб, 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.