Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров вилоят марказида ногиронлик аравачасида юрадиганларнинг жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятларини ўрганиш мақсадида ижтимоий тажриба ўтказди. Унда андижонлик ижтимоий тармоқ фаоли, ногиронлик аравачасида ҳаракатланувчи Сирожиддин иштирок этди.

Ижтимоий тажриба давомида ўндан ортиқ замонавий автобуслар ҳайдовчилари турли баҳоналар билан ногиронлиги бўлган шахснинг жамоат транспортидан фойдаланишини рад этишди. Аксарияти уни автобусга чиқаришдан бош тортган бўлса, баъзилари пандуслар қандай ишлатилишини билмасдан, ёрдам бера олмади.

Блогер Олимжон Ҳайдаровнинг айтишича, Сирожиддин учта автобусга чиқишга муваффақ бўлди, бироқ уларнинг барчасида ҳайдовчилар эмас, балки йўловчилар кўплашиб аравачасини кўтариб, салонга олиб киришган.

«2020 йил июнь ойида президент Андижонга келганларида айнан шу пандуслари билан мақташиб, Андижон шаҳрида жамоат транспорти яхши ишлаётгани, ҳаттоки имконияти чегараланган фуқаролар ҳам бемалол жамоат транспортидан фойдалаётганини айтиб мақтанишган. Ваҳоланки асл ҳолат шундай бўляпти, бирорта автобус буларни олишни хоҳламади», — деди Олимжон Ҳайдаров.

Бундан ташқари, имконияти чекланган фуқароларнинг автобусга чиқиш майдончасига ўтиб боришлари жуда ҳам ноқулай экани, йўналишли таксилар сабабли ҳаракатланиш жуда қийинлиги айтилди.

«Ҳурматли ҳайдовчилар. Мен ва мен каби имконияти чекланганлар ҳам шу жамиятнинг бир бўлагимиз, бизнинг бундай бўлишимизга биз айбдор эмасмиз. Сизлардан илтимос, бир дақиқа вақтларингизни ажратиб, пандусларни очиб, бизни ҳам олиб кетинглар. Биз ҳам узоғимизни яқин қилишни хоҳлаймиз», — деди тажриба иштирокчиси Сирожиддин.

«Натижа бу даражада ачинарли бўлади деб ўйламагандим. Афсуски, ҳали бизни жамиятда (Андижон вилоятидаги хулосам) имконияти чекланганлар учун жуда қийин экан. Биз уларга аслида жамиятга қўшилиб кетишлари учун ёрдам беришимиз керак. Аслида эса…» — деб ёзди блогер ижтимоий тармоқларга юкланган видео изоҳида.

Қайд этиш жоизки, видео 21 июнь куни эълон қилинганига қарамасдан, ҳалигача расмий идоралар ҳолат юзасидан муносабат билдиргани, тегишли чоралар кўрилгани юзасидан ахборот бергани йўқ.