Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда «снос"ларга барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолат белгилаб қўйилиши лозимлигини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Халқимиз орасида „снос“ деган ном билан машҳур бўлган муаммо бор. Бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозим. Яъни, суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак. Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт», — деди президент.

«Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгиланиши даркор», — деди Шавкат Мирзиёев.

У шунингдек, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлат қуриб бўлмаслиги ҳақида гапирди. «Шу боис, Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтиришимиз лозим. Токи, катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда президент ҳимоясида эканини амалда ҳис қилсин», — деди у.

«Ривожланган давлатлардаги каби, шундай тартиб ўрнатилиши лозимки, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмасин. Шу билан бирга, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини ҳам Конституциявий қоида сифатида белгилашнинг вақти-соати келди, деб ўйлайман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланишини, давлат ички ва халқаро савдо ривожланиши учун барча шароитлар яратишини Конституцияда мустаҳкамлаш шартлигини айтди.

«Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф этаман», — деди давлат раҳбари.

Президентнинг қўшимча қилишича, давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим.

«Шу билан бирга, Асосий қонунимизда ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши лозим, деб ҳисоблайман. Қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилади, деган мазмундаги норма ҳам Конституциямизда акс этиши албатта ўринли бўлар эди», — деди Шавкат Мирзиёев.