Ўзбекистонда 2021 йилда 91 та пора олиш билан боғлиқ жиноят фош этилган бўлиб, сўнгги уч йилда уларнинг сони деярли 50 фоизга камайган. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифинг давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Дурдона Очилова маълумот берди.

2021 йилда авлат органлари ва ташкилотларида 91 та пора олиш жинояти содир этилгани аниқланган. Бу сўнгги уч йилда деярли 50 фоизга камайгани айтилмоқда (2019 йилда 177 та, 2020 йилда 161 та пора олиш жинояти).

2022 йилнинг ўтган 5 ойи давомида (июнь ойигача) 17 та пора олиш жинояти содир этилгани фош қилинган. Келтирилишича, бу ўтган йилнинг 5 ойига нисбатан (2021 йилнинг 5 ойида 57 тага пора олиш жинояти) 40 тага кам.

2021 йилдаги таҳлиллар жиноятларнинг энг кўпи пойтахтда бўлганини кўрсатмоқда.

Ҳудудлар кесимида:

  1. Тошкент шаҳрида — 18 та;
  2. Тошкент вилоятида — 13 та;
  3. Жиззах вилоятида — 9 та;
  4. Андижон вилоятида — 8 та;
  5. Қашқадарё вилоятида — 8 та;
  6. Сурхондарё вилоятида — 7 та;
  7. Самарқанд вилоятида — 5 та;
  8. Бухоро вилоятида — 4 та;
  9. Наманган вилоятида — 4 та;
  10. Фарғона вилоятида — 4 та;
  11. Хоразм вилоятида — 4 та;
  12. Сирдарё вилоятида — 3 та;
  13. Навоий вилоятида — 2 та;
  14. Қорақалпоғистон Республикасида — 2 та содир этилган.

Пора олгани учун қўлга олинганларнинг 10 таси вилоят, 81 таси туман-шаҳар миқёсидаги давлат ташкилотлари мансабдор шахслари (89%) бўлган.

Уларнинг 49 нафари биринчи даражали раҳбарлар, 8 таси раҳбар ўринбосари, 34 таси ижрочи ва техник ходимлар, шунингдек мазкур шахсларнинг 77 нафари эркак, 14 нафари аёл.

Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, 91 та пора олган мансабдорнинг 20 таси ички ишлар (8 таси йўл ҳаракати хавфсизлиги), 12 таси мактабгача таълим, 10 таси ҳокимлик, 6 таси ҳарбий, 6 таси қишлоқ хўжалиги, 4 таси халқ таълими, 4 таси қурилиш, 3 таси коммунал хизмат (электр, газ, сув) ва 26 таси ёки 28,5 фоизи эса бевосита суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Пора олиш жиноятлари бўйича 500 минг АҚШ доллари ва 113,7 млн. сўм пора олинган бўлиб, 62 та ҳолатда (ўртача 8 065 АҚШ доллари) АҚШ долларида, 29 та ҳолатда (ўртача 3,92 млн сўм) сўмда олинган.

Энг кўп пора миқдори 200 минг долларни, энг кам пора миқдори 50 долларни ташкил этган.

Cодир этилган 91 та пора олиш жиноятларининг 75 таси тезкор тадбир 16 таси терговга қадар текшириш давомида фош этилган бўлиб, пора предмети бўлган пуллар 5 та ҳолатда воситачилар ва 86 та ҳолатда тўғридан-тўғри мансабдор шахслар томонидан олинган.

91 та жиноятчидан 20 таси ишга қабул қилишда пора олган бўлса, 8 таси маъмурий чора кўрмаслик эвазига пул олган. 6 таси ер ажратиш, 4 таси қурилишга рухсат бериш, 3 таси ердан ижара асосида фойдаланишга рухсат бериш, 3 таси автотранспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариш, 2 таси постдан рухсатномасиз ўтказишга рухсат бериш, 2 таси пенсия тайинлаш, 2 таси давлат харидлари бўйича шартнома имзолаш учун улуш талаб қилиш, 2 таси чегарадан ўтказиш билан боғлиқ бўлиб, қолган 39 та ҳолатда жиноятлар бошқа ваколатлардан фойдаланиш асосида содир этилган.

22 фоиз пора олиш жинояти ишга олиш ваколатидан фойдаланиш орқали содир этилган бўлиб, уларнинг 15 таси техник ва ижрочи ходимларни таълим (11 таси Мактабгача таълим, 4 таси Халқ таълими) муассасаларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ.