Мексиканинг Леон шаҳрида бўлиб ўтаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Нигора Сувонова учта кумуш ҳамда Аброрбек Маъруфбеков битта бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

-76 кг вазн тоифасида иштирок этган атлет Нигора Сувонова олтин медал учун курашда мисрлик рақибига имкониятни бой берди. У даст кўтаришда 91 кгни ўзига бўйсундириб, кумуш медални қўлга киритган бўлса, силтаб кўтаришда 119 кг тошни кўтариб, кумуш медалига эга чиқди.

Икки машқ якуни бўйича умумий ҳисобда 210 (91+119) кг натижа кўрсатган Нигора Сувонова Миср вакили Раҳма Элсаедга (215, 95+120 кг) имкониятни бой бериб, бу бўйича ҳам кумуш медални қўлга киритди. Мазкур йўналишда учинчи ўринни мексикалик Стефани Эспиноза эгаллади — 200 (90+110) кг.

Шунингдек, -96 кг вазн тоифасидаги баҳсларда беллашган Аброрбек Маъруфбеков 133 кг натижа билан даст кўтариш машқида бронза медалига сазовор бўлди. Маъруфбековнинг вазн тоифасидаги умумий баҳсларда Грузия вакили Герваси Табагари 317 (140+177) кг натижа билан олтин, туркманистонлик Сапарли Муҳиев 300 (133+167) кг кўрсаткич билан кумуш ҳамда мезбонлар вакили Пабло Медина 300 (131+169) кг натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Ўзбекистонлик атлет эса бу йўналишда 299 (133+166) кг кўрсаткич билан тўртинчи бўлди.

Аввалроқ ўзбекистонлик оғир атлетикачи Диёрбек Эрматов ўсмирлар ўртасидаги мазкур Жаҳон чемпионатида иккита кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритган эди.