Мексиканинг Леон шаҳрида бўлиб ўтаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Диёрбек Эрматов иккита кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

73 кг вазн тоифасида иштирок этган оғир атлетикачи даст кўтаришда 133 кгни ўзига бўйсундириб, кумуш медални қўлга киритган бўлса, силтаб кўтаришда эса 157 кг тошни кўтариб, бронза медалига сазовор бўлди.

Икки машқ якуни бўйича умумий ҳисобда 290 (133+157) кг натижа кўрсатган Диёрбек Эрматов қозоғистонлик оғир атлетикачи Едиге Ембердига 306 (134+172) кг имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритди. Учинчи ўринни канадалик Брайан Ибанез эгаллади — 288 (132+156) кг.

Мусобақада дунёнинг 40 га яқин давлатидан 200 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди.