Уруш бошланганидан буён биринчи марта Европа Иттифоқининг тўртта давлати етакчилари Украинага ташриф буюришди. 16 июнь куни Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц, Италия бош вазири Марио Драги ва Руминия президенти Клаус Ёханнис Киевга келди, деб хабар берди Reuters ахборот агентлиги.

Европалик етакчилар «Украина темир йўллари» поездида.

Мамлакатда авиақатновлар тўхтаб қолгани сабабли сиёсатчилар Украинага поездда етиб келишди. Делегатлар уруш бошида жанглар натижасида вайрон бўлган Киев вилоятининг Ирпен шаҳрини ҳам кезишди.
Европа давлатлари етакчилари Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг Украина «Европа оиласи»га тегишли эканини айтишди.

«Биз тўрттамиз ҳам Украинани ЕИга зудлик билан номзод мақомини қўллаб-қувватлаймиз, — деди Эммануэл Макрон. — Европа ғалабага қадар қанча вақт керак бўлса, шунча сиз билан бирга».

Эммануэл Макроннинг қайд этишича, Киевга номзод мақомини бериш «йўл харитаси билан, шунингдек Болқон ва қўшни минтақадаги, хусусан, Молдовадаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади».


Франция раҳбари, шунингдек, Ғарб Украинадан Россияга ҳеч қандай ён беришни талаб қилмаслиги ва тинчлик музокаралар фақат Киев шартларига кўра бўлиши мумкинлигини; Франция ва Германия эса украиналиклар орқасида Россия билан музокара олиб бормаслигини айтди.

Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Украинага зудлик билан ЕИ аъзолигига номзод мақомини бериш тарафдори эканини айтди, деб ёзди Deutsche Welle.

«Германия Украина учун ижобий ечим тарафдори. Худди шу нарса Молдовага ҳам тегишли», — қайд этди у. Олаф Шольц ҳозиргача Киевни номзод мақоми борасида ўз позициясини очиқ билдирмаган, деб ёзади немис матбуоти.

Германия канцлери Украинани Россия агрессиясига қарши курашда доимо ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ишонтирди. «Биз нафақат бирдамлигимизни намоён этишни, балки ташкил этаётган молиявий, гуманитар ва ҳарбий жиҳатдан ёрдамимиз ҳам давом этишига ишонч ҳосил қилишни истаймиз. Биз бу ёрдам Украина мустақиллик кураши учун зарур экан, давом эттиравемиз», деди Олаф Шольц.

Франция, Германия ва Италия раҳбарлари Ирпенда.

Бундан ташқари, Олаф Шольц: «Россиянинг Украинанинг бир қисмини зўравонлик йўли билан тортиб олиш режасидан ва мамлакатлар чегараларини ўзгартириш бўйича империалистик концепциясидан воз кечишига эришилиш керак», — деди. Германия канцлери Кремлнинг Россия Украина ҳудудини бир қисмини эгаллаб олиши ва кейин вақт ўтиши билан ўзгаришларни кутиши мумкин бўлган кутишини «Путиннинг иллюзияси» деб атади. Олаф Шольцнинг айтишича, Германия Москва бир томонлама ўрнатган шартлар асосида «таъкидланган тинчлик»ни рад этади.

Италия бош вазири Марио Драги ўз нутқида «Украина ўз халқи учун маъқул бўладиган дунёни танлаши керак, чунки шу ҳолатдагина тинчлик мустаҳкам бўлади», деб таъкидлади. Шунингдек, у Италия Украинани ЕИнинг бир қисми сифатида кўришни исташини айтди.

«Украинадаги гуманитар инқироз глобал фалокатга айланмаслиги керак», — дея алоҳида қайд этди Марио Драги.


Ўз навбатида, Руминия президенти Клаус Ёханнис шундай деди: «Келаси ҳафтада бўлиб ўтадиган Европа Кенгаши йиғилишида бизнинг иттифоқимиз атрофида мустаҳкам ва қийматли қалқон яратиш учун Украина, Молдова ва Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзоликка номзодлар мақоми кафолатланиши керак».

«Биз Европа тарихининг бурилиш нуқтасида турибмиз. Фавқулодда вақтлар фавқулодда стратегия ва истиқболли қарорларни талаб қилади, — деди Клаус Ёханнис. — Минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликни режалаштириш қобилиятимиз синовга қўйилган. Ўйлашга вақт йўқ».

«Биз ҳамкорлар томонидан кўрсатилаётган ёрдамни қадрлаймиз, янги етказмаларни кутамиз, биринчи навбатда эса оғир қуроллар, замонавий ракета артиллерияси ва ракетага қарши мудофаа тизимларини», — деди Владимир Зеленский.


«Ҳар куни кечикиш ёки қарор қабул қилишда кечикиш, бу — Россия ҳарбийлари учун украиналикларни ўлдириш ёки шаҳарларимизни вайрон қилиш учун имкониятдир, деди у. — Биз қанчалик кучли қуролга эга бўлсак, халқимизни, еримизни шунчалик тезроқ озод эта оламиз».

Европа етакчилари Киевга етиб келганидан кўп ўтмай, ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш бошланди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Франция, Германия, Италия ва Руминия раҳбарларининг Украина президенти билан учрашувини шарҳлар экан, сиёсатчилар «Украинага қурол-яроғ киритишга эътибор қаратмайди» деган умидда эканини билдирди, деб ёзди РИА Новости.

«Умид қиламанки, бу уч давлат раҳбарлари […] Украинани фақат қурол-яроғ киритиш орқали қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмайдилар. Бу мутлақо бефойда, халқнинг азобланишини узайтиради, мамлакатга яна янги зарар келтиради. Аксинча, умид қиламизки, улар бу алоқадан президент Зеленскийни вазиятга чинакам қарашга ундайдилар», — деди Дмитрий Песков.

Расмлар


Бу ерда ва қуйида: Европа раҳбарлари Ирпендаги вайронагарчиликларни кузатишди.