Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади, дея маълум қилди Қозоғистон президенти администрацияси (ПА) раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейменов Euractiv нашрига берган интервьюсида.

«Биз Қримдаги вазиятни ҳам, Донбасдаги вазиятни ҳам тан олмадик ва тан олмаймиз, чунки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уларни тан олмайди. Биз фақатгина Бирлашган Миллатлар Ташкилоти даражасида қабул қилинган қарорларни ҳурмат қиламиз», — дея қайд этган Тимур Сулейменов.

Шунингдек, у Қозоғистон Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун восита бўлмаслигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон АҚШ ва Европа Иттифоқининг иккиламчи санкциялари таъсири остида қолишни истамайди ҳамда Россия ва Беларусга қўйилган чекловларга риоя қилади.

У, ўз навбатида, европалик ҳамкорларга Қозоғистон Россия билан савдо алоқаларини тўхтатмаслигини маълум қилган. «Биз Россия билан савдо қилишда, Россияга инвестиция киритишда, Россия учун инвестицияларни жалб қилишда давом этамиз… Бироқ санкцияга киритилган товарларни назорат қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз», — дея таъкидлаган Тимур Сулейменов.

Politico нашри билан суҳбатда Тимур Сулейменов Қозоғистон Украина масаласида бетараф — нейтраль позицияда эканлигини яна бир бор таъкидлаган. Унинг қайд этишича, Қозоғистон зиддиятда қайсидир тарафни «на ҳарбий, на сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватламайди», бироқ Украинага инсонпарварлик ёрдамини кўрсатади.

ПА вакили, шунингдек, Қозоғистон Россияда ўз маҳсулотларини сотишни давом эттириш ва киритилган санкцияларнинг потенциал салбий оқибатларининг олдини олиш истагида бўлган компанияларга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган. Унинг аниқлик киритишича, Қозоғистон Европа компанияларига халқаро санкцияларни четлаб ўтиш йўлини эмас, балки россияликларга ҳар хил турдаги товарларни қонуний йўл билан сотишда амалий ёрдам кўрсатишни таклиф қилмоқда.

Ўз навбатида, Қозоғистон санкция режимига амал қилган ва бошқа барча мажбуриятларини бажарган ҳолда, мамлакатга Европа бизнесини жалб қилиш имкониятларига Еврокомиссия эътироз билдирмаслиги таъкидланган.

Бундан ташқари, Тимур Сулейменов Қозоғистон Россия ҳудудидан ўтувчи Каспий қувурлари консорциуми лойиҳаси доирасида Европага нефть етказиб беришни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини маълум қилган ҳамда мазкур лойиҳага «сиёсий тус берилмаслигига» умид билдирган.