Ўзбекистондаги энг коррупциялашган тармоқлардан бири банк тизими ҳисобланади. Бу ҳақда 14 июнь куни Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг йиғилишида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши қарори асосида банк тизимини коррупциясиз соҳага айлантириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

«Лекин бу борада ҳам банклар ташаббус кўрсатяпти, тизимда коррупцияни бартараф этиш чораларини тўлиқ кўраяпти, деб айта олмаймиз. Қуйидаги рақамлар ҳам буни исботлаши мумкин», — деди у.

Рейтинг натижаларига кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида банк ходимлари 128 та коррупцион жиноят содир этиб, мамлакатда таълим соҳасидан кейинги 2-ўринни эгаллади.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, тижорат банклари томонидан кредит ажратиш жараёнларида коррупциявий вазият «тобора жиддий тус олиб, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда».

Банк тизимида маблағларни талон-тарож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатларига йўл қўйилмоқда. Сўнгги 2 йилда тижорат банклари тизимидаги 676 нафар ходимлар жиноий жавобгарликка тортилган, деди агентлик раҳбари.

Акмал Бурхоновнинг қайд этишича, аҳолини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга мўлжалланган бюджет маблағларини «айрим банк мансабдор шахслари томонидан талон-тарож қилинаётган ҳолатлари мавжуд».

«„Ҳар бир оила — тадбиркор“ дастури бўйича 20 млрд сўмдан ортиқ маблағ банк ходимлари томонидан талон-торож қилинган. Талон-тарож қилинган маблағлар Миллий банкда — 1,3 млрд сўм, Микрокредитбанкда — 2,4 млрд сўм, Халқ банкида — 3 млрд сўм, Агробанкда — 12,3 млрд сўмни ташкил қилади», — деди у.

«Ёшлар — келажагимиз» дастури доирасида ҳам 3,5 млрд сўм маблағ ёшлар бандлигини таъминлашга йўналтирилмасдан, жиноий схемалар орқали ноқонуний ўзлаштириб юборилган, деди Акмал Бурхонов.

«Коррупцияга қўл урган банк ходимларининг 5 нафари республика, 74 нафари вилоят ва 597 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги банкларда фаолият юритган. Мазкур жиноятлар оқибатида 354,2 млрд сўм кредит маблағлари талон-торож қилинган», — дея таъкидлади у.

Биргина Тошкент шаҳрида 2021 йилда 12 нафар шахсга нисбатан 10 та жиноят иши (6 таси Марказий банк ва унинг қуйи тизими ҳамда 4 таси тижорат банклари ходимлари) судга юборилган. 7 нафар шахс Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 3 нафар шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 1 нафар шахс Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ҳамда 1 нафар шахс Жиноят кодексининг 208-моддасида (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) кўрсатилган жиноятларни содир қилишган. Уларнинг 2 нафари Тошкент шаҳри ва 10 нафари туман даражасидаги банк тизими ходимлари ҳисобланади.

«Албатта, бу каби рақамлар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги мамлакат миқёсида амалга оширилаётган ислоҳотларга соя солмоқда ва халқ ишончига путур етишига сабаб бўлмоқда», — деди Антикоррупция агентлиги директори Акмал Бурхонов.

Мазкур йиғилишда Антикоррупция агентлиги раҳбари Тошкент Ўзбекистондаги энг коррупциялашган ҳудудлардан бири эканини таъкидлади. Пойтахтда коррупцияга оид жиноятлар сони йил давомида 3 баробарга ошган. Бундан ташқари, интернетда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларнинг ярми пойтахт ҳиссасига тўғри келади.