2021 йилда Тошкентда коррупцияга оид жиноятлар сони 3 баравар ошди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 14 июнь куни бўлиб ўтган коррупцияга қарши курашиш бўйича пойтахт кенгаши йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йилда шаҳарда 59 та коррупция жинояти қайд этилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 184 тани ташкил этган. Мазкур ҳаракатлар натижасида ўтган йили давлат ва жамият манфаатларига 82 млрд 640 млн сўмлик моддий зарар етказилган.

Коррупцияга оид жиноятлар энг юқори кўрсаткич Учтепа (33), Миробод (25), Чилонзор (20), Мирзо Улуғбек (20), ва Яшнобод (18) туманларига тўғри келади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар ойда коррупцияга оид жиноятлар статистикаси, бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, аҳоли мурожаатлари, ижтимоий сўровнома натижалари ва ижтимоий тармоқлардаги коррупция билан боғлиқ маълумотлар таҳлили асосида ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция рейтинглари тузилади.

«Рейтинг натижаларига кўра, Тошкент шаҳри мамлакатдаги энг коррупциялашган ҳудудлардан бири эканлиги маълум бўлмоқда. Тўғри, бу ерда пойтахт ҳудуд эканлигининг ҳам таъсири мавжуд. Шундай бўлса ҳам, рақамлар Тошкент шаҳри учун салбий кўрсаткичларни тақдим этмоқда», — деди Акмал Бурхонов.

Февралдан апрелгача бўлган уч ой давомида мамлакатдаги энг кўп коррупцион жиноятлар пойтахтда қайд этилган. Февраль ва март ойларида шаҳар мос равишда 37 та, март ойида 50 та жиноят иши билан 2-ўринни эгаллаган бўлса, апрель ойида 69 та жиноят иши билан 1-ўринни банд қилди.

Рейтингнинг асосий индикаторларидан бири бўлган бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича ҳам Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда. Пойтахт февраль ойи рейтинг натижасига кўра 16 та назорат объектида 5 млрд 740 млн сўм миқдоридаги маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича республикада 3-ўринни эгаллаган бўлса, март ойида 80 та назорат объектида 29 млрд 23 млн сўм миқдоридаги маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши билан боғлиқ ҳолат билан республикада 2-ўринни банд қилган.

«Коррупция ҳолатларига дуч келганмисиз?» мавзусидаги сўровда шаҳар аҳолисининг 26 фоизи «ҳа» деб жавоб берган ва Бухоро вилоятида кейинги иккинчи ҳудуд саналади.

«Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганлик эҳтимоли бўйича ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўплаб маълумотлар эълон қилиб келинмоқда. Хусусан 2022 йил март ва апрель ойларида мамлакатда жами 244 та шу мазмундаги хабарлар эълон қилинган бўлса, шундан 124 таси ёки 50 фоизи Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келади», — деди Акмал Бурхонов.


Бундан ташқари, Тошкент шаҳри президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қиладиган ҳудудлардан бири бўлиб, 2022 йил биринчи чорагида жисмоний ва юридик шахслардан шу мазмундаги жами 4372 та ёки ҳар 100 минг аҳоли сонига ўртача 45 та мурожаат келиб тушган.

«Тўғри, коррупциявий ҳолатларнинг аниқланиши ва айбдорларнинг жавобгарликка тортилиши бир томондан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг самарали фаолият натижаси дейишимиз мумкин, лекин ушбу иллатнинг олдини олиш, уни келтириб чиқарувчи омиллар, сабабларни аниқлаш ва бартараф қилиш масаласи нафақат шаҳарнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари, балки ҳокимлик тизими, ҳар бир идора ва ташкилот раҳбарини ўйлантириши керак», — деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари.

Унинг фикрича, рақамлар Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Акмал Бурхонов 40 га яқин «энг муҳим, ваколатли бошқарма, ташкилот раҳбарларини» ўзида жамлаган Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ташкил этилганини эслатиб ўтди.

«Шаҳар коррупцияга қарши курашиш кенгаши бирор ташаббус билан чиқмаяпти. Биз буни 2021 йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Коррупцияга карши курашиш ҳудудий кенгашларининг рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, пойтахт маълумотларни кечиктириб ва белгиланган талабларга зид равишда тақдим этгани учун умуман баҳоланмагани ҳамда мамлакат ҳудудлари орасида охирги ўринни банд этганидан ҳам кўришимиз мумкин», — деди у.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун баҳолаш июнь ойи охирида ўтказилиши ва натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ҳамда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида муҳокама қилинишини маълум қилди.

«[Тошкент кенгаши] бу давр учун ижобий натижа кўрсатади, деган умиддамиз. Умуман, кенгаш аъзолари қанчалик коррупцияга қарши курашиш борасида аъзо сифатидаги масъулиятни хис қилмоқда, қанчалик вилоятда, ўз тизимида коррупцияни камайтириш учун ҳаракат қилмоқда — бу каби саволларни ҳар бир кенгаш аъзоси ўзига қайта ва қайта бериши керак деб ўйлайман», — деди Акмал Бурхонов.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига Сенат раҳбари Танзила Нарбаева раислик қилади. Кенгаш президентнинг 2020 йил 26 июндаги қарори билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ўрнига ташкил этилган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга вилоят ҳокимлари бошчилик қилади. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтган эди.