Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда мамлакатлар бир-бирларига нисбатан ташқи савдони эркинлаштириш сиёсатига ўта бошлашди — худди Наполеон урушларидан кейинги даврда глобализациянинг биринчи тўлқини вужудга келгандек. Хусусан, тадқиқотларга кўра, Наполеон урушларидан кейинги даврда транспорт харажатлари ва ташқи савдога нисбатан сиёсий чекловларнинг барқарор қисқариб бориши ресурслар ва товарларнинг эркин ҳаракатига замин яратган. Кейинроқ, Биринчи жаҳон урушигача давом этган мазкур интеграциялашув жараёнлари тарихда глобализациянинг биринчи тўлқини сифатида эътироф этилган.

Мутахассислар орасида ташқи савдонинг эркинлаштирилиши мамлакатлар ўртасида турли можаро ва урушлар юзага келиши эҳтимолини камайтиради ҳамда мамлакатлар ўз қиёсий устунликларидан фойдаланган ҳолда, мавжуд салоҳиятини юзага чиқаришига имкон яратади ва, пировардида, фаровонликнинг ошиши ва иқтисодий ўсишнинг тезлашишига хизмат қилади, деган қарашлар мавжуд. Шу нуқтаи назардан, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда дунё миқёсидаги жадал ўсиш суръатлари юқоридаги қарашларнинг исботи, дейиш мумкин.

ХХ асрнинг охирига келиб — 1995 йилда, салкам ўн йил давом этган музокаралардан сўнг, давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларини тартибга солиш, халқаро савдонинг бир маъромда ва имкон қадар эркин амалга оширилишини таъминлашга масъул халқаро ташкилот — Жаҳон савдо ташкилотига асос солинди.

Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йиллардан бошлаб Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш истагини билдирган ҳамда 1994 йилда ташкилотга кириш мақсадида ариза топширган. Бироқ, орадан шунча йиллар ўтишига қарамасдан, ҳалигача мазкур ташкилотга аъзо бўлиб кирмаган. 2017 йилдан кейинги даврда ташкилотга қўшилиш масаласи яна кун тартибига қайтди, айни пайтда аъзо бўлиш истаги кучайган, бу борадаги саъй-ҳаракатлар жонлангандек тасаввур уйғота бошлади.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш нимани англатади?

Ҳозирги кунда дунёнинг 164 та давлати Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо. Глобал савдо ҳамда дунё ЯИМининг қарийб 98 фоизи айнан ЖСТга аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Юқорида таъкидланганидек, ЖСТ аъзо давлатлар орасида бўладиган савдо алоқаларини тартибга солувчи ва халқаро савдонинг имкон қадар эркинлашишига хизмат қилувчи ташкилот ҳисобланади.

Ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистонда ташқи савдога нисбатан тўсиқларнинг ҳозирги даражадан пасайишига олиб келади, айни пайтда дунё мамлакатларига интеграцияни кучайтиради. Албатта ташқи савдога нисбатан тўсиқларнинг қай даражада қисқариши аъзо давлатлар билан бўладиган музокаралар давомида келишилади. Бунда асосий савдо ҳамкорларимиз (Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия ва бошқалар) билан бўладиган музокаралар ҳал қилувчи музокаралар ҳисобланади. Умуман олганда, ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистон ташқи савдосининг ҳозиргига нисбатан эркинроқ бўлишига замин яратади.

Давлатлар орасида интеграциялашув жараёнлари кучайиб бориши билан минтақавий интеграцион ташкилотлар ҳам ривожлана бошлади. Хусусан, Европа Иттифоқи бундай ташкилотларнинг энг биринчиларидан ҳисобланади. Минтақавий интеграцион ташкилотлар турли жиҳатларига кўра бир-биридан фарқ қилади. Биринчи навбатда, интеграция жараёнларининг турли босқичлари мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда интеграцион ташкилотлар ўртасидаги фарқни келтириб чиқарувчи асосий омил ҳам айнан ташкилотнинг қайси босқичда эканлиги ҳисобланади. Масалан, Евро ҳудуд ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи бир-биридан фарқ қилади. Евро ҳудуд — валюта иттифоқи бўлса, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) — божхона ҳудуди ҳисобланади (айрим манбаларда ЕОИИ умумий бозорга ўтиш босқичида, деб ҳам эътироф этилади).

Қуйидаги расмда интеграция жараёнларининг турли босқичлари батафсил тасвирланган. Юқорида айтиб ўтилганидек, ЕОИИ ҳозирги кунда божхона иттифоқи (босқичида) ҳисобланади. Бу шуни англатадики, иттифоққа аъзо мамлакатлар аъзо бўлмаган — учинчи мамлакатлар учун бир хил даражадаги бож режимидан фойдаланиш мажбуриятини олади.


Манба: theintactone.com

ЕООИга аъзо бўлиш нимани англатади?

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши унинг ташқи савдода учинчи давлатларга нисбатан ташкилотга аъзо бошқа давлатлар билан бир хил даражада бож ёки тўсиқларни қўллашини англатади. Бошқача айтганда, аъзо мамлакатлар орасида божхона режими деярли бутунлай йўқолади (истисно ҳолатлар мавжуд) ҳамда мамлакатларнинг божхона чегараси аъзо давлатлар чегарасида шаклланади. Масалан, муайян товар Россия божхонасидан 5 фоизлик бож тўлови билан мамлакатга кириб келса, демак, бошқа аъзо давлатлар томонидан шу товарга нисбатан айнан шу даражадаги бож ставкаси қўлланилади (аъзо мамлакатлар орасида эса савдога тўсиқлар деярли мавжуд бўлмайди).

Юқорида келтирилган фикрлардан англаб олиш қийин эмаски, мамлакатимизнинг ЕОИИга кириши ташкилотга аъзо давлатлар билан бир хил божхона режимига ўтишимизни англатади. Ҳозирги кунда МДҲ мамлакатлари орасида эркин савдо шартномаси ҳам мавжуд. Яъни МДҲ мамлакатлари билан савдо алоқаларимиз эркин савдо муносабатларига асосланган. Шунга қарамай, бошқа — учинчи давлатларга нисбатан ташқи савдо сиёсатимизни мустақил танлай оламиз. ЕОИИга киришимиз эса савдо сиёсатимиз мустақил эмас, балки ташкилотга аъзо давлатлар билан коллектив равишда ташкил қилинишини англатади.

Ташкилотнинг бошқа давлатларга нисбатан божлар даражаси билан мамлакатимиз қўллайдиган божлар даражасига эътибор қаратсак, кўришимиз мумкинки, ташкилотга аъзо бўлишимиз Ўзбекистондаги ўртача божлар даражасини тахминан 2−2,5 баробар пасайишига сабаб бўлади. Бунда аъзо давлатлар билан савдо ҳозирги даражадан кескин эркинлашмайди, сабаби бу давлатлар билан ҳозирги кунгача ҳам савдо муносабатларида нисбатан эркин савдо режими амал қилади. Аммо, учинчи давлатлар — ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар билан савдо, ҳозирги билан таққослаганда, сезиларли даражада эркинлашади.

ЕОИИга аъзо бўлишимиз ЖСТга аъзо бўлишимизни орқага сурадими?

Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, бу икки ташкилотнинг бирига аъзо бўлишимиз иккинчисига аъзо бўлишга тўсқинлик қилмайди (аслида осонлаштириши ҳам керак). Ҳар икки ташкилотга аъзо бўлиш ҳам савдонинг эркинлашишига сабаб бўлади. ЕОИИга аъзо 5 та давлатнинг 4 таси ЖСТга аъзо ҳисобланади. Бошқача айтганда, иттифоқнинг ташқи савдо сиёсати ЖСТнинг талабларига жуда яқин. Лекин, бу ташкилотларнинг қай бирига биринчи қўшилиш муҳим аҳамият касб этади.

Масалан, ЖСТга биринчи аъзо бўлиш Ўзбекистонга кўпроқ имкониятлар тақдим этиши мумкин. Чунки ЕОИИ томонидан қўлланиладиган аксарият божлар мамлакатимиздаги божлар даражасидан пастроқ бўлишига қарамасдан, баъзи товарлар учун (масалан, сут) мамлакатимиздаги божлар даражаси ЕОИИ билан таққослаганда пастроқ. Яъни ЖСТга биринчи аъзо бўлиш орқали бундай турдаги товарлар учун савдо сиёсатимизни мустақилроқ сақлаб қолиш имкониятига эга бўламиз (ёки умумий иттифоқ учун бу товарларга бўлган божларни пасайтириш талабини қўйишимиз мумкин). ЕОИИга биринчи аъзо бўлишимиз эса ташқи савдо сиёсатимизни иттифоқ «қўлига топшириш» демакдир, бу эса юқорида келтирилган товарлар учун чегарадаги тўсиқлар даражаси ўз-ўзидан ошишини англатади.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда бир нечта давлатлар билан, хусусан, Жанубий Корея билан эркин савдо шартномаси тузиш ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Иттифоққа аъзо бўлишимиз эса бундай жараёнларни қийинлаштиради. Чунки иттифоққа аъзо бўлишимиз муайян давлатнинг (масалан, Жанубий Корея) Ўзбекистон билан эркин савдо шартномасини имзолаши, иттифоқдаги барча давлатлар билан эркин савдо шартномасининг амал қилишини англатади. Чунки иттифоқ ҳудудида бир хил даражадаги божхона режими амал қилади. Бундай шароитда барча давлатлар чегараларида савдога нисбатан бир хил даражадаги тўсиқлар амал қилиши талаб этилади. Акс ҳолда, иттифоқ амалда ишламаётган ҳисобланади (албатта, истисно ҳолатлар мавжуд).

Юқоридаги ҳолатлардан ташқари, ҳозирги беқарорликларнинг иқтисодиётга таъсирини тўғри баҳолаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги кунда Россия ҳамда Украина ўртасидаги зиддият сиёсий воқеликлар иқтисодиётга қай даражада таъсир кўрсатиши мумкинлигига яққол мисолдир. Хусусан, Россиянинг Украина суверен ҳудудига бостириб кириши ортидан кўплаб давлатлар томонидан Россияга нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар жорий қилинди. Бундай ҳолат нафақат Россия иқтисодиётига, балки иттифоққа аъзо бошқа давлатлар иқтисодиётига ҳам жиддий таъсир қилиши табиий. Биргина макроқитисодий барқарорлик нуқтаи назаридан қаралганда, 24 февралдан март ойининг биринчи 10 кунлигигача бўлган даврда Россия миллий валютаси билан бир қаторда иттифоққа аъзо бошқа давлатлар валюталарининг ҳам жиддий қадрсизланиши кузатилди. Ўзбекистон эса Россияга иқтисодий жиҳатдан кучли боғланган бўлишига қарамасдан, миллий валютамизнинг долларга нисбатан қадрсизланиши бошқа — иттифоққа аъзо давлатлар билан таққослаганда анча юмшоқ бўлди. Узоқроқ истиқболда ҳам иттифоққа аъзо давлатлар Россия иқтисодиёти пасайишидан аъзо бўлмаган давлатларга нисбатан кўпроқ зарар кўриши шубҳасиз.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда Россия иқтисодиёти рекорд даражадаги савдо профицитини қайд этиши кутилмоқда. Бу ҳолат бир жиҳатдан нархи ошиб бораётган энергия ресурсларидан тушадиган даромаднинг ошиши билан изоҳланади. Яъни Европа мамлакатлари Россиядан келадиган энергия ресурсларига жуда қаттиқ боғланган ҳамда уруш бўлишига қарамасдан бу ресурсларни сотиб олишдан (ҳозирча) воз кечаётгани йўқ.

Иккинчи томондан, ҳозирги кунда Россия импорт қилишда турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Таъкидлаш жоизки, нафақат Россияга қарши чиқаётган давлатлардан, балки бетараф ҳамда Россия томонида бўлган давлатлардан ҳам импорт ҳажмининг кескин қисқариши кузатилмоқда. Хусусан, март ойида Россиянинг Япония, Корея, Тайвань ва коллектив Ғарб (аниқроғи, Украинадаги урушга қарши) мамлакатларидан импорти 53 фоизга қисқарган бўлса, бетараф ҳамда Россия томонида бўлган давлатлардан (Хитойни қўшиб ҳисоблаганда) импорт ҳажми 45 фоизга пасайган.

Бундай ҳолат қайсидир маънода Россия билан битта иттифоқда бўлган давлатларга ташқи савдо имкониятларини тақдим этиши ҳам мумкин. Яъни Россиянинг Ғарб билан алоқарининг ёмонлашуви натижасида Россия билан иттифоқдош мамлакатлар мамлакатдаги қисқарган импорт ўрнини тўлдириш ҳисобига ўз эскпортини ошириши мумкин бўлади.


Манба: theovershoot.co

Бошқа томондан, ҳозиргача савдога нисбатан санкциялар кам даражада қўлланилди. Россия импортининг қисқараётганлиги, биринчидан, Россия билан савдо қилишнинг қийинлашганлиги ортидан юзган келган бўлса (масалан банкларнинг SWIFT`дан узилганлиги сабабли), иккинчидан, хусусий корхоналарнинг ўзи Россия ҳудудида фаолият юритишдан, Россия билан савдо қилишдан бош тортмоқда. Агар Россия ва Украина ўртасидаги беқарорлик узоқ вақт давомида сақланиб қолса, савдога бўлган санкциялар ҳам мос равишда кучайиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу эса фақатгина Россияга нисбатан киритилган санкция эмас, балки амалда бутун иттифоққа нисбатан қўлланиладиган санкция бўлади. Сабаби божхона иттифоқига кирувчи давлатлар орасидан фақат биттасига нисбатан санкция киритиш амалда ҳеч қандай натижа бермайди. Бу ҳолда иттифоққа аъзо бошқа давлат ҳудудига кириб келган товарлар осонгина санкция остидаги давлатга кириб бориши мумкин (ре-экспорт).

Шунга ўхшаш ҳолат аввалроқ Россия ҳамда Беларус ўртасида содир бўлган эди. Россия Европадан кириб келадиган бир нечта турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг мамлакатга кириб келишини чеклаган. Ўша вақтда ҳам Россия ҳамда Беларус ўртасида божхона иттифоқи амал қиларди, Россия томонидан киритилган чекловларга қарамасдан импорти чекланган товарлар Россияга кириб келишда давом этган. Бунинг асосий сабаби — Россия билан битта божхона иттифоқида бўлган Беларусда Европадан кириб келадиган бу турдаги маҳсулотларга нисбатан ҳеч қандай чеклов қўйилмаган ҳамда Беларусга кириб келган товарлар осонгина Россияга ре-экспорт бўлишни бошлаган. Бу масалада икки давлат ўртасида қатор музокаралар ҳам ўтказилган.

Умуман олганда, ҳозирги глобаллашув шароитида дунё иқтисодиётига интеграция қилишнинг аҳамияти жуда юқори. Айниқса, биз каби узоқ вақт давомида савдога нисбатан юқори даражадаги тўсиқларни сақлаб қолган, нисбатан ёпиқ мамлакатлар савдо сиёсатини ўзгартириш ҳамда эркинлаштириш орқали иқтисодий ўсишга кучли рағбат бериш имконига эга бўлади. Савдони эркинлаштиришни эса ҳеч қандай ташкилотларга аъзо бўлмасдан ҳам амалга ошириш мумкин (ахир ташқи савдо сиёсатимизни қандай белгилаш ўз қўлимизда-ку). Аммо, халқаро ташкилотларга, хусусан, ЖСТга аъзо бўлиш орқали ташқи савдони эркинлаштирсак, бу қисқа муддатли эҳтимолий йўқотиш ёки келажакдаги кутилмаган ҳолатларнинг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Аслида ЖСТ ёки ЕОИИдан исталган биттасига аъзо бўлиш иккинчисига аъзо бўлишни осонлаштириши керак. Сабаби иккаласидан қай бирига аъзо бўлишимиздан қатъи назар, савдо сиёсатимиз ҳозиргига қараганда сезиларли даражада эркинлашади (сиёсий жиҳатларни, албатта, сиёсатчиларга қолдираман). Бироқ, айрим сабабларга кўра, ЖСТга биринчи аъзо бўлиш мамлакатимизга устун мавқе бериши эҳтимоли юқори (эркин савдо шартномалари ҳам шу жумладан).

Қайд этиш жоизки, Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши, шундоғам мунозарали бўлиб турган ЕОИИга аъзо бўлиш масаласининг жозибадорлигини сезиларли пасайтириб юборди. Назаримда, ҳозирги беқарорлик даврида ташкилотга аъзо бўлиш ҳаракатларини, ҳеч бўлмаганда, бироз муддат тўхтатиб туриш энг яхши позициялардан бири ҳисобланади. Сабаби урушнинг узоқроқ вақт давом этиши фонида Россия билан битта иттифоқда бўлишнинг бадали иттифоқдош мамлакатлар учун қимматга тушиши мумкин.

Санкциялар, хусусан, савдога нисбатан санкциялар кўлами ортиб бориши билан, иттифоққа аъзо бошқа давлатлардан товарларни ре-экспорт қилиш амалиёти авж олиши мумкин. Чунки санкция фақат Россияга нисбатан қўлланилиши иттифоққа аъзо бошқа давлатлардаги тадбиркорларнинг бундай вазиятдан фойдаланиб қолишига туртки бўлиши мумкин. Ре-экспорт амалиётининг кенг қўлланилиши эса санкцияларнинг иттифоққа аъзо бошқа давлатларга нисбатан ҳам жорий қилинишига олиб келиши мумкин. Бундай шароитда иттифоққа аъзо бўлиб қўшилиш, шубҳасиз, жиддий йўқотишларга олиб келади. Юқоридаги фикрлар Россия билан савдо алоқаларини тўхтатиш кераклигини англатмайди. Яъни ҳозирги кунгача ҳам Россия билан эркин савдо режими амал қилган ва мавжуд шарт-шароитларда мазкур режимни сақлаб қолиш энг яхши позиция бўлади. Россия билан битта божхона иттифоқига қўшилишга ҳаракат қилиш эса, Украинадаги уруш ва Россиядаги иқтисодий беқарорлик фонида, кўра-била туриб ўзини «чохга отиш» билан баробардир.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

«Газета.uz» колумнисти, иқтисодчи — Миркомил Холбоев.