Февраль ойидаги кескин пасайишдан сўнг Россия валютасининг барқарорлашуви кўпчилик иқтисодчилар учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Аммо рублнинг келгусидаги тақдири ҳақида хорижий таҳлилчи, иқтисодчилар қандай фикрда? «Газета.uz» бу ҳақда РБК эълон қилган мақоланинг таржимасини тақдим қилади.

Апрель ойида рубль ўсиш даражаси бўйича ривожланаётган бозордаги бошқа валюталарни ортда қолдирди. Бунгача эса Украина ҳудудида бошланган уруш ҳаракатларидан кейин кузатилган кескин пасайишдан сўнг, рубль курси икки ой давомида аста-секин ўзига келган эди.

Уруш ҳаракатлари бошлангандан кейин ЕИ Россия ҳудудига евро нақд пулларини, АҚШ эса доллар нақд валюталарини олиб киришни тақиқлади. Санкциялар ва рус ҳукуматининг валютани бошқариш борасидаги қарши чоралари оқибатида рубль курси пасайишда давом этди ва март ойи бошида рубль минимал қийматгача тушди (1 доллар = 120 рубль; 1 евро = 133 рубль). Орадан бир неча кун ўтгач, АҚШ президенти Жо Байден Польшада бўлиб ўтган пресс-конференцияда «мисли кўрилмаган санкциялар оқибатида рубль аҳлатга айланиб қолганини» ва бир доллар 200 рублга тенглаштирила бошланганини таъкидлади.

Май ойида рубль курси барқарорлашишда давом этди. Бироқ таҳлилчиларинг таъкидлашича, оптимизмга берилиш учун сабаблар унчалик ҳам кўп эмас.

Фақат кўринишидан шундай

Business Insider нашрининг ёзишича, айни дамда долларнинг мустаҳкамлигини кўрсатувчи маълумотлар бор эканлигига қарамай, Россия рубли кўрингани каби мустаҳкам эмас, валютанинг долларга нисбатан айирбошлаш курси эса рублнинг ҳозирги пайтдаги харид қобилиятини кўрсатиб бера олмаслиги мумкин. Россия иқтисодиёти ҳануз яхши аҳволда эмас, рубль курсининг ҳозирги кўрсаткичлари эса Россия ҳукумати томонидан молия тизими устида ўрнатилган жиддий назоратнинг ҳамда экспортчиларга нисбатан йўлга қўйилган қатъий қоидалар натижаси бўлиб турибди. «Бугунги кунга келиб бу энди эркин бозор эмас», — дейди MUFG япон банкининг валюталар бўйича таҳлилчиси Ли Хардман.

Россияга киритилиши ва олиб чиқилиши мумкин бўлган ўтказмаларнинг миқдорини чеклаган ҳолда капитал ҳаракатларини назорат қилиш Россия ҳукуматининг иқтисодий майдондаги рубль курсининг ўзгарувчанлигига қарши асосий қуроли бўлди. Россияликларнинг ўз ҳисобидан 10 минг доллардан кўп миқдордаги хорижий валютани ечиб олиши ёки чет элга нақд пул кўринишида ўтказиши, хорижий сармоядорларнинг эса Россиядаги молиявий активларини сотиши тақиқлаб қўйилди. Валюта тушумининг асосий қисмини сотишга мажбур бўлган экспортчиларга таъсир кўрсатган чекловлар рублни қўллаб-қувватловчи асосий омил бўлди (2022 йилнинг биринчи чорагида ҳукуматнинг нефт ва газдан олган даромадлари йил ҳисобига кўра 80% дан ортиқ ўсишни кўрсатди).

Россия Марказий банки ҳам бу орада фаол бўлиб, февраль ойидаги пасайишдан кейин фоиз ставкаларини 20 фоизга, яъни икки бараварга ошириб, кейинчалик 17 фоизга туширди. Бу россияликларни рублларини ўз банкларида сақлашга ундади.

Россия ҳукумати томонидан ўрнатилган бундай йирик чекловлар рубль курсини иқтисодиётнинг аҳволи ҳақида ишончли маълумот бера оладиган кўрсаткич сифатида кўриб бўлмаслигини англатади, дея ёзмоқда Business Insider. «Капитал ҳаракатини назорат қилиш орқали мен валютани исталган курсга ўзгартиришим мумкин», — дейди иқтисодчи Даниэла Габор.

Назорат рублни чинакамига «бошқариладиган» валютага айлантириб қўйди.

Таҳлилчилар рублнинг мустаҳкамланишини «бутунлай сунъий» дея ҳисобламоқда, деб ёзади The Telegraph. Хорижий сармоядорлар бозордан сиқиб чиқарилди, компаниялар доллар сотишга мажбур бўлди, фуқароларга рубль айирбошлаш тақиқлаб қўйилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Россия иқтисодиёти қисқармоқда ва рубль энди асосли кўрсаткичларни акс эттирмайди.

«Агар бундай сиёсий чоралар кўрилмаганида АҚШ валютасининг реал айирбошлаш курси (валюта чекловлари бўлмаганида рублнинг курси), эҳтимол, бир доллар учун 180 рублни ташкил қилган бўлар эди», — деди Wells Fargo Securities валюта стратеги Брендан МакКенна.

Ҳатто ривожланаётган бозорлардаги трейдерларнинг ихтисослашган ассоциацияси (Trade Association for the Emerging Markets, EMTA) 11 майда трейдерларга рубль курси бўйича Москва биржаси маълумотларидан фойдаланмасликни тавсия қилди. Бунинг ўрнига, Россия валютаси курсини баҳолашда Deutsche Bank, Morgan Stanley, Bank of America, J.P. Morgan Chase ва бошқаларни ўз ичига олган EMTA 2022 йил 6 июндан бошлаб WM/Refinitiv хизмати маълумотларига таянишни маслаҳат берди.

Қайғули тажриба

Россиянинг молиявий аҳволи айни дамда кўплаб таҳлилчилар кутганидан кучлироқ, аммо узоқ муддат нуқтаи назаридан олиб қаралса ҳали ҳам заиф, дея таъкидлайди The New York Times. Шу билан бирга, рубль курсини қўллаб-қувватлаш бўйича индивидуал ҳаракатлар Россия молия тизимини Совет давридаги ҳолатга қайтаради.

Охирги йигирма йил давомида рубль бутун дунё бўйлаб эркин сотувга қўйилган ва унинг қиймати талаб ва таклифга қараб белгилаб келинган. Россияга сармоя киритишга ва рус компаниялари билан бизнес юритишга ишонч билдирган Ғарб инвесторлари учун конвертация қилиш имконияти жуда муҳим эди. Аммо ушбу давр Россия ҳукуматининг эркин валюта бозорини вақтинча ёпиб қўйиши билан (айни дамда) тугади.

Туманли келажак

Россия Федерацияси Марказий банки рублга қийматини ошириш учун бир қатор воситалардан фойдаланган. Бироқ, Швейцариянинг Syz банки инвестиция директори Чарлз-Генри Моншаунинг сўзларига кўра, Россиядан ташқарида жуда кам одам рублни сотиб олишга қизиқади (агар улар қандайдир операциялар учун рус валютасига муҳтож бўлмаса), трейдерлар эса энди рублни эркин савдо валютаси сифатида қабул қилмайди . «Агар Россия Украина муаммосига, кейинчалик санкцияларни олиб ташлаш ва Ғарб билан савдо алоқаларини тиклаш орқали ечим топса, рубль ўзининг ҳозирги қийматини сақлаб қолиши мумкин», деди у. «Бошқа томондан, агар ечим топилмаса, рубль қулаши мумкин, бу эса ички инфляциянинг ўсишига ва Россияда чуқур иқтисодий таназзул юз беришига олиб келиши мумкин».

Бироқ, Моншаунинг сўзларига кўра, Россия марказий банкининг яна бир кучли қадами «Ғарб ОАВларида нисбатан эътиборсиз қолдирилди» — Россия банки 2022 йил 28 мартдан 30 июнгача 5 минг рубль қилиб белгиланган нархда олтин сотиб олишни қайта йўлга қўйди. Олтин савдоси АҚШ долларида амалга оширилиши сабабли, бу Россия Марказий банкига ўз валютасини олтинга боғлаш ва рублнинг доллар ҳисобидаги минимал нархини белгилаш имконини беради, дея қайд этди мутахассис. Шундай қилиб, рублнинг янада мустаҳкамланиши олтин нархининг ошишига олиб келиши мумкин. Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилганидан сўнг қимматбаҳо метални жадаллик билан жамғариб келмоқда. Олтин Россия Федерациясининг барча халқаро захираларининг қарийб 20% ни ташкил қилади.

Россия валютасининг курсига таъсир қилиши мумкин бўлган яна бир омил мавжуд. Март ойи охирида Россия президенти Владимир Путин 2022 йил 1 апрелдан бошлаб хорижий контрагентларга етказиб бериладиган Россия қувур гази учун тўлов фақат рублда амалга оширилиши кераклиги тўғрисидаги фармонни имзолади. Шу мақсадда хорижий харидорлар учун ваколатли молия муассасаси бўлган «Газпромбанк» да махсус валюта ва рубль ҳисоблари очилади.

Россия бош вазир ўринбосари Александр Новакнинг сўзларига кўра, 19 май ҳолатига «Газпром» билан шартнома тузган Россия газини импорт қилувчи 54 та компанияларнинг ярми «валюта тушумларини таъминлаш, рублга конвертация қилиш ва газ учун тўловни амалга ошириш учун» махсус валюта ва рубль ҳисоб рақамларини очишган.

Европа ҳали Россия энергия ташувчилардан воз кеча олмайди, энди Москва евронинг рублга нисбатан икки томонлама курсини ўз манфаатларига мувофиқ шакллантириш учун зарур бўлган савдо кучига эга, деб ёзади Geopolitical Monitor нашри. Шундай йўл билан, Россия рубли оддий тарзда ички қийматга эга ва халқаро бозорларда доимий талабга эга бўлган мустаҳкам актив билан қўллаб-қувватланадиган валютага айланди.

Rabobank валюта стратеги Жейн Фоулининг айтишича, агар Россия мамлакатни тарк этаётган хорижий компанияларга ўз активларини сотиш ва пулни олиб чиқиб кетишга рухсат берса, рубль курси қулаши мумкин.

Шу билан бирга, агар халқаро пул ўтказмаларини эркин амалга ошириш имкони бўлмаса, капитал назоратини қисман пасайтириш рублга сезиларли таъсир кўрсатмайди, дея ҳисоблайди TD Securities портфелини бошқариш стратегияси масъули Кристиан Маджио. «Валюта курслари динамикасига таъсир этувчи ҳақиқий пул оқимлари бўлмаса, рубль қайси диапазонда савдо қилинишини олдиндан айтишнинг иложи йўқ», — дея хулоса қилади у.