Осиё футбол конфедерацияси тартиб-интизом қўмитаси 23 ёшгача Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги футбол ўйинида мухлислар томонидан тош отилиш ҳолати бўйича қарор чиқарди.

ОФК маълумотларига кўра, ҳакам Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Абдувоҳид Неъматовни ўйиндан четлатгач, Тошкентдаги «Пахтакор» стадионидаги мухлислар турли хил буюмларни, шу жумладан тошларни отишни бошлашган, шу сабабли ўйин бир неча дақиқа тўхтатилган.

Тартиб-интизом қўмитаси қарорига биноан, Абдувоҳид Неъматов учта ўйинга дисквалификация қилинади ва унга 500 АҚШ доллари миқдорида жарима белгиланди.

Бундан ташқари, Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон-Япония ўртасидаги ярим финал баҳсига ўзбекистонлик мухлислар стадионга киритилмаслиги бўйича қарор қабул қилди. ЎФА эса 50 минг доллар жарима тўлайди.

Стадионнинг тўлиқ ёпилишига қарамай, Япония терма жамоасининг эса 500 нафаргача мухлисига стадионга киришга рухсат берилади.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси ўйин вақтида барча корридорлар ва зиналарнинг ҳар қандай тўсиқлардан холи бўлишини таъминламаган, у жойларда мухлислар ўтиришган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон стадионга кирган ва бўлган мухлисларнинг сонини рўйхатга олиш тизими жорий қила олмаганлиги қайд этилган.

ОФКнинг таъкидлашича, мусобақа мезбони стадионга кириш эшикларига фақат чипталари борларни қўйишни ташкиллаштира олмаган, шунингдек, охирги текширувни ўтказа олмаган ва мухлисларнинг тақиқланган буюмларни стадионга олиб киришининг олдини ололмаган.

Эслатиб ўтамиз, 11 июнь куни 23 ёшгача ўйинчилар орасида Ўзбекистон футбол терма жамоаси Ироқ жамоаси устидан пенальтилар сериясида ғалаба қозонди — 2:2 (3:2).

Ўзбекистон ва Ироқ ёшлари ўртасидаги ўйин давомида мухлислар тош отишди. Натижада фотограф ва оператор жароҳатланди. Ироқ терма жамоаси бош мураббийи, ўйинни тўхтатиш керак бўлганлигини таъкидлади. «Мухлислар бизга тош отишди. Менинг ОФК га саволим бор: Бу нормал ҳолатми?», — деган эди у.

Тошкент шаҳар ИИББ 47 киши қўлга олинганини маълум қилди. 19 нафар мухлислар маъмурий жавобгарликка тортилган. Қолганлар бўйича тергов ишлари давом этмоқда.

Sevimli телеканали Ўзбекистон-Ироқ ўйинини суратга олган операторининг бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтакланганлигини маълум қилди. Ходимлар кейин улардан узр сўраб, ҳолат ҳақида хабар беришмасликларини сўрашган. Ўзбекистон ИИВ Sevimli оператори стадионга киришга уринган оломон жанжали вақтида жароҳат олганлигини таъкидлади.