Футбол бўйича 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубоги чорак финалида Ироқ терма жамоасини мағлуб этди. 11 июнь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган ўйин 2:2 ҳисобида якунланган бўлса, пенальтилар сериясида ўзбекистонликлар аниқроқ бўлишди — 3:2.

Мезбонлар ўйиннинг 13-дақиқасида ўн киши билан қолди. Дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ўз жарима майдончаси ичида Ҳасан Матрукка тирсаги билан зарба бериб, қизил карточка олиб майдондан четлатилди. Бош мураббий Тимур Кападзе ярим ҳимоячи Диёр Холматов ўрнига дарвозабон Владимир Назаровни майдонга туширди.

Бу қоидабузарлик пенальтига ҳам сабаб бўлди ва уни ҳужумчи Вака Рамадан муваффақиятли голга айлантирди.

Ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддинов 25-дақиқада ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, бироқ унинг стандарт вазиятдан йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди.

Биринчи бўлим охирида чап қанот ҳимоячиси Хожимат Эркинов марказга ўтиб, жарима майдончасига кириб борганида унга нисбатан қўполлик ишлатилди. 11 метрлик зарбани Жасур Жалолиддинов муваффақиятли амалга оширди.

Иккинчи бўлимнинг 50-дақиқасида мезбонлар олдинга чиқиб олишди. Ҳужумчи Ҳусаин Норчаев ўнг қанотдан ошириб берган тўпни ҳимоячи Ҳусаин Ал-Савад ўз дарвозаси томон йўллади.

Аммо 68-дақиқада ироқликлар Аммар Алодхаймининг голи эвазига ҳисобни тенглаштиришди.

Ўйин қўшимча бўлимларга чўзилди, аммо жамоалар бошқа гол ура олмади.

Пенальтилар сериясида Муҳаммадқодир Ҳамралиевнинг ўтказиб юборган голидан сўнг ироқликлар олдинга чиқиб олишган бўлса, кейинроқ ироқликлар уч марта гол ўтказиб юборди (бир голни Владимир Назаров қайтариб қолди).

Олимпия терма жамоаси ярим финалда Корея Республикаси ва Япония терма жамоалари ўртасидаги ўйин ғолиби билан учрашади. Финалга чиқиш ўйини 15 июнь куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

Ўйиндан кейинги қисқа муддатли матбуот анжуманида бош мураббий Тимур Кападзе қизил карточка кутилмаган ҳолат бўлганини таъкидлади. «Эрта 10 киши бўлиб қолганимиз катта қийинчилик туғдирди. Шундай бўлса ҳам йигитлар руҳан синиб қолишмади, бунинг учун уларга раҳмат. Асосийси, ғалаба қозондик», — деди у.

Ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддинов стадионда тил билан таърифлашга ожиз атмосферани кўрганини таъкидлади. «Худди Европа Чемпионлар лигасига ўйнагандек бўлдик. Қизил карточка катта таъсир ўтказди. Бу бизни қандай кучли эканимизни кўрсатишга сабаб бўлди. Шундай ўйинлар орқали биз катта тажриба оламиз. Яна бир бор бизни ажойиб қўллаб-қувватлаб турган томошабинларга ташаккур айтамиз», — деди у.

Видео

Фото