Қозоғистонда вейп (электрон сигарет)ларни сотиш ва улардан фойдаланишни қонуний равишда тақиқламоқчи. Шунингдек, давлатда иситиладиган тамакига акциз солиғини жорий қилиш режалаштирилмоқда, деб хабар бермоқда Tengrinews. Ушбу таклиф парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан илгари сурилмоқда. У сигареталар акциз солиғининг 70 фоизи миқдорида чекиш қурилмаларига ҳам солиқ жорий этишни назарда тутади.

2021 йилда Қозоғистонда электрон сигареталар оддий сигаретларга тенглаштирилди. Чунки у ҳам саломатликка салбий таъсир кўрсатади ва худди шундай никотинга қарамликка олиб келади, дея қайд этди Zakon.kz сайти. «Халқ саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими тўғрисида»ги Кодексда тамаки маҳсулотларини, шу жумладан қиздириладиган тамаки, кальян аралашмаси, тамаки иситиш тизимларини сотиш бўйича қатъий чекловлар белгиланган.

Қозоғистонга электрон сигареталар импорти Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) божхона назорати қоидаларига мувофиқ расмийлаштирилади. Акциз солиғи маҳаллий ишлаб чиқарилган ҳамда импорт қилинадиган товарлар учун бир хил ставкада қўлланилади.

Ўзбекистонда эса электрон сигареталарни чекишни чеклаш 2018 йилда қабул қилинган алоҳида қонун билан тартибга солинади. Жамоат жойларида уларни чекиш тақиқланади, лекин маҳсулотни сотишда сифатини тасдиқловчи ҳужжат, истеъмол қилиш хавфи ҳақида огоҳлантирувчи марка ва бошқаларга аниқ тақиқ ҳамда жавобгарлик йўқ. Аслида, жамоат жойларида электрон сигареталарни чекишни тақиқлаш назорати жуда заиф.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда бир марталик электрон сигареталар ҳамон акциз тўланадиган товар ҳисобланмайди. Сотувда сигаретдаги аралашманинг таркиби ва ундан фойдаланиш хавфи қайд этилмагани, сифат ҳужжатлари ва бошқа маълумотлар тақдим этилмаслигини кўришингиз мумкин.

Тамаки ва таркибида никотин бўлган маҳсулотлар, жумладан, электрон сигареталар савдосини янада қатъий тартибга солишни назарда тутувчи «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги янги қонун Олий Мажлис Сенати томонидан 13 июнь куни рад этилганди. Сенатор Одилжон Иминов унинг асосий тушунчаларини ойдинлаштириш зарурлигини, зиддиятли нормалар мавжудлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур ўрганилмаганини таъкидлаганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти оддий сигареталар каби электрон сигареталар ҳам саломатлик учун хавфли эканлиги ва гиёҳвандликдан халос бўлишга ёрдам бермаслиги ҳақида узоқ вақтдан бери огоҳлантириб келади. Электрон сигареталарни чекиш пайтида чиқадиган моддалар одатда никотин ва бошқа заҳарли моддаларни ўз ичига олади. Ундай моддалар ҳам чекувчи, ҳам ҳаводаги аерозолларни нафас оладиган чекмайдиган одамга зарар етказади.

Баъзи никотинсиз деб айтиладиган маҳсулотларда ҳам никотин борлиги аниқланган. Чекиш аралашмаларида инсон саломатлигига токсик таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўшимчалар, хушбўйлантирувчилар ва кимёвий моддалар мавжуд.

Мевали ёки шоколадли хушбўй қўшимчали маҳсулотлар болалар ва ўсмирлар учун жозибадор кўринади. Бу эса никотинга қарамлиликнинг кучайишига ёрдам беради ва ёшлар ўртасида чекишнинг кўпайишига олиб келади — бу ҳақда ЖССТ 2014 йилда огоҳлантирганди.

ЖССТ қайд этишича, қурилманинг кутилган талабларга жавоб бермаслиги, бузилиб қолиши, қурилманинг нотўғри ишлаши ва портлаши натижасида бир қатор жисмоний шикастланишлар, куйиш ҳолатлари кузатилади, дейди ЖССТ.

Чекиш аралашмалари учун электрон етказиб бериш мосламаларидан суюқлик оқиши жиддий хавф туғдириши мумкин, бунинг оқибатида заҳарли суюқлик боланинг терисига ёки организмига тушиши мумкин.