Ўзбекистонда профессионал таълим муассасаларидаги дуал таълим тизими касб-ҳунар мактаблари ва техникумларда ҳам йўлга қўйилади. Президент «ушбу ижобий тажрибани»ни йўлга қўйиш бўйича вилоят ҳокимлари ва Олий таълим вазирлигига топшириқ берди, деб хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Ҳозирда республика бўйича 57 та профессионал таълим муассасасида Германия тажрибаси асосида иш жойида ўқитишнинг дуал таълим шакли йўлга қўйилган.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мактабгача таълим тизимида бу ўз натижасини бергани таъкидланди — педагогика коллежи ўқувчилари 2 кун назарий билимларни коллежда олади, қолган 4 кун эса боғчаларда амалиёт ўтайди ва ишлаб, ойлик олади.

Йиғилишда вилоят ҳокимлари ва Олий таълим вазирлигига ушбу ижобий тажрибани касб-ҳунар мактаблари ва техникумларда йўлга қўйиш топширилди.

Эндиликда дуал таълимни жорий этиш учун касб-ҳунар мактабларининг бўш майдонларида корхоналарнинг ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилади. Бунда, ўқувчилар ушбу корхонада ишлаб, ойлик олади.

Корхонадаги устозларга асосий иш ҳақидан ташқари, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан қўшимча устама тўланади.

Шунингдек, президент профессионал таълим педагог ва усталари учун муносиб шароит қилиб бериш, уларнинг касбий маҳоратини ошириб борадиган тизим яратиш зарурлигини таъкидлади.

«Очиқ айтиш керак, 2 млн сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 млн сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қилаяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишда янги тизим яратилади. Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади.

Аввалроқ хабар берганимиздек, мазкур йиғилишда президент 2023 йилдан бошлаб техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилинишини таъкидлаганди. ОТМлардаги камида 60 та йўналиш техникумларга ўтказилади. Шунингдек, 1 январдан илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақи олийгоҳ педагоглариникига тенглаштирилади.