Ўзбекистонда 2023 йилдан бошлаб техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев чоршанба куни ўтказилган видеоселекторда маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Шунингдек, олийгоҳ талабалари учун жорий этилган имтиёзли таълим кредити янги ўқув йилидан техникум ва коллеж ўқувчилари учун ҳам жорий этилади.

Коллеж ва техникумларда ўқиш учун давлат грантлари ва эҳтиёжманд оила аъзолари учун субсидиялар кўпайтирилади.

«Умуман, техникумларга бўлган ёндашувларни ўзгартириш керак. Улар олийгоҳга киришнинг осон йўли эмас, мураккаб касб берадиган, меҳнат бозорида рақобат қиладиган тизим бўлиши керак», — деди президент.

Олий таълим вазирлиги 2 ой муддатда 207 та техникум фаолиятини ўрганади. Йиғилишда самарасиз ишлаётган 70 та техникумни тугатишга топшириқ берилди.

Уларнинг 25 таси мономарказлар ташкил этиш учун Бандлик вазирлигига ўтказилади, қолган 45 таси негизида касб-ҳунар мактаблари ташкил этилади.

Бундн ташқари, республикада 62 та ОТМ ректорига техникуми бор олийгоҳларда ўқитилаётган камида 60 та йўналиш техникумларга ўтказилади.

«Масалан, Иқтисодиёт университетида туризм менежменти, реклама иши, меҳнат муҳофазаси, Транспорт университети ва Андижон машинасозлик институтидаги автомобиль сервиси йўналишларини техникумларга ўтказиш бўйича етарли база мавжуд. Бундай касблар ўнлаб топилади», — деди Шавкат Мирзиёёев.

Реккторлар техникумларни ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича ўқув дастурлари ва дарсликлар билан таъминлаши ҳамда техникумда ўзининг кафедралари филиаллари, ўқув лабораторияларини ташкил этиши керак.

Шунингдек, келгуси йил 1 январдан бошлаб илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақи олийгоҳ ўқитувчилариникига тенглаштирилади.

Ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади. Эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор педагог кадрларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади.

Келгуси йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади. Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишда янги тизим яратилади.

Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади.