27 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Шаҳар маъмурияти матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев олиб борган йиғилишда шаҳар Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий Кенгаши аъзолари тасдиқланиб, уларнинг вазифалари тўғрисида сўз юритилди.

Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Хамраев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва бошқалар қатнашди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбут хизматининг хабар қилишича, кенгаш олдида турган долзарб вазифалар қуйидагилардан иборат:

  • Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;
  • Миллий кенгашга қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
  • Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи Тошкент шаҳридаги маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботлари ва маърузаларини эшитиш;
  • Тошкент шаҳрида ёшларда коррупцияга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фанларининг ўтилишини ташкил этиш, мавзуга оид туркум семинарлар ташкил этиш;
  • Тошкент шаҳрида олий таълим, қурилиш, соғлиқни сақлаш, давлат харидлари йўналишларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш ва соҳалар қамровини кенгайтириш.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2020 йил 26 июндаги фармонига биноан Коррупцияга қарши агентлик тузилиб, Коррупцияга қарши республика идоралараро комиссияси Коррупцияга қарши миллий кенгашга айлантирилган эди. Унга Сенат раиси Танзила Нарбоева раҳбарлик қилади.

Кенгашнинг ишчи органи — Коррупцияга қарши кураш агентлиги. Барча ҳудудларда коррупцияга қарши кураш бўйича ҳудудий кенгашлар ишлайди. Тошкентда коррупцияга қарши курашиш кенгаши таъсис этилди.