21 август куни Сенатда бўлиб ўтган Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг навбатдаги мажлисида Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар тўғрисида намунавий низом тасдиқланган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Газета.uz»га тақдим этган Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи ҳудудий органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Ҳудудий кенгаш томонидан қабул қилинадиган қарорлар жойлардаги барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Миллий кенгашнинг тегишли қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари раислари (айни вақтда ҳокимлар) Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг раиси сифатида тасдиқланган.

Шунингдек, низомга кўра, Ҳудудий кенгашларнинг ишчи органи функциясини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари котибиятлари бажаради.

19 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ушбу ҳолатга изоҳ берди.

Акмал Бурхонов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Унинг сўзларига кўра, Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар ўз ҳудудида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, соҳага оид давлат дастурларининг амалга оширилишини таъминловчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи тузилма ҳисобланади.

«Яъни, бу кенгашлар коррупцияга қарши курашувчи орган эмас. Шуни биз тушуниб олишимиз керак. Коррупцияга қарши курашувчи органлар Коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунда белгилаб ўтилган. Биринчи ўринда, бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, шу жумладан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги белгилаб ўтилган. Бу идора коллегиал идора ҳисобланади», — деб агентлик раҳбарининг сўзларини келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

У сўзи давомида президентнинг ўтган йилнинг 29 июнидаги фармони билан Коррупцияга қарши кураши бўйича идоралараро комиссия коррупцияцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгаш этиб қайта ташкил этилганини эсга олди. Янги тартибга кўра, Миллий кенгашга энди Олий Мажлис Сенати раҳбарлик қилмоқда.

«Ўз навбатида, мантиқан шу тўғри бўлардики, ҳудудий кенгашларни раҳбари ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбари эмас, балки ўша ҳудудий, маҳаллий кенгашларнинг раиси раҳбар бўлиши мақсадга мувофиқ эканлиги белгиланган», — дея тушунтирди Акмал Бурхонов.

У шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган: «Ўша кенгаш овози ҳал қилувчи овозга эга бўлади. Ўзи ҳоким бўлиб туриб қанақа қилиб назорат қилади?» деган гапларга ҳам муносабат билдирди.

«Ҳудудий кенгаш раиси Миллий кенгаш олдида масъул идора ҳисобланади. Яъни, ҳудуддаги коррупциявий омилларини бартараф этиш бўйича, амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот бериб борувчи Миллий кенгаш олдида, шу жумладан Коррупцияга қарши кураш агентилиги олдидаги ахборот берувчи масъул идоралараро коллегиал орган сифатида ташкил этилган. Ва уларнинг қарорлари коллегиал равишда қабул қилинади», — деди Акмал Бурхонов.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг сўзларига кўра, шунингдек, ҳудудий кенгашларнинг таркиби Миллий кенгаш томонидан наъмунавий таркиб тасдиқланиб, ҳудудларга юборилган. «Шу наъмунавий таркибларни кўрадиган бўлсак, у ерда аъзоларнинг 44 фоизи жамоатчилик ташкилотлари, яъни ННТ ва ОАВ вакилларидан иборат, 17 фоизигина ижро ҳокимият аъзолари ва қолганлари эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралар вакиллари. Яъни бу ерда бир-бирини тийиб туриш принципи бор», — деди у.

Таъкидланишича, «бу идорани ташкил этишдан мақсад коррупцияга қарши курашда биргаликда самарали фаолият юритиш ҳисобланади».

«Бугунги кунда маҳаллий кенгашларнинг раислари ҳоким ҳисобланади. Агар қонунчиликда ўзгариш рўй бериб, маҳаллик кенгаш раислари бошқа лавозимлари алоҳида (ҳокимлар раисликдан четлатиши назарда тутилмоқда — таҳр.) бўладиган бўлса, биз албатта бу ҳудудий кенгашнинг раисларини қайта кўриб чиқишимиз мумкин», — деди Акмал Бурхонов.

Унинг қўшимча қилишича, амалдорларга, давлат хизматчиларига, ва айниқса ҳокимларга нисбатан, блогерлар томонидан «ҳамма коррупционер» деган муносабат пайдо бўлиб қолган.

«Агар коррупцион жиноятлар бўйича статистикани оладиган бўлсак, мен ҳозир ҳокимларни ёнини олиш учун айтганим йўқ, ҳокимликларда коррупцион жиноятлар бор, лекин ҳамма коррупцион жиноятлар ҳокимлик томонидан амалга оширилятпи дегани эмас-да», — деди Антикоррупция агентлиги раҳбари.