Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги «Казарма» соддалаштирилган ўтиш пункти орқали кўп миқдордаги валюта қимматликларини қўшни давлатга ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринган 2 нафар фуқаро ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчилар шахсий кўрикдан ўтказилган вақтда Бекобод шаҳрида яшовчи (1980 й.т.) аёлнинг ёнида 166 минг доллар борлиги аниқланди. Унинг шериги (1994 й.т.) аёлнинг ёнида эса 190 минг доллар, жами 356 минг доллар мавжудлиги аниқланди. Мазкур пуллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Таъкидланишича, улар тожикистонлик Маҳмуд исмли шахснинг илтимосига кўра хорижий валютани Бекобод шаҳрида номаълум шахслардан олиб, ўз кийимларига яширган ҳолда, маълум бир хизмат ҳақи эвазига Тожикистон Республикасига олиб чиқиб кетаётган бўлишган.

Ҳозирда мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Қолаверса, иш доирасида ушбу валюта қимматликларининг ҳақиқий эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.