Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида банк ходимлари фуқароларнинг пенсия ва нафақа пулларини ўзлаштириб олгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар қилди.

Таъкидланишича, «Халқ банк» Шаҳрисабз филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Унга кўра, филиалнинг 4-сонли сайёр касса бухгалтер назоратчиси С.И. ва кассири Н.Р.лар мазкур жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.

Улар тумандаги 150 нафар фуқарога март, апрель ва май ойлари учун ажратилган 100,5 млн сўм пенсия ва нафақа пулларини бермасдан, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб талон-торож қилганликлари аниқланди, дейилади хабарда.

Қўшимча қилишича, текширув давомида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланиши таъминланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Уларга БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси хавф солмоқда.

Эслатиб ўтамиз, нафақа пулларини ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари ўтган йили Тошкент шаҳри ва Асака туманларида ҳам аниқланганди.