«Халқ банки» Асака филиали сайёр касса ҳисобчи-назоратчилари Н.Қ. ва С.Р. 158 нафар фуқаронинг жами 90,3 млн сўм пенсия ва нафақа пулларини талон-торож қилгани аниқланди. Улар мазкур пулларни тарқатмасдан, тўлов қайдномаларида имзоларни сохталаштирган, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Бундан ташқари, банк филиалининг собиқ раҳбари У.Ю. ва бошқалар «Э.Д.» МЧЖ томонидан кредит маблағини тўлиқ сўндириш учун тўланган 58 млн сўмни банкка кирим қилмасдан ўзлаштирганлиги маълум бўлди. Хабарга кўра, фуқаролар қилмишларини яшириш мақсадида нотариал идорага сохта ҳужжатлар тақдим қилиб, гаровдаги мулкка қўйилган тақиқни бекор қилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.