Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритилади. Буни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мазкур қонун депутатлар ташаббуси билан Сайлов кодексига сўнгги йилларда киритилган ўзгартишлардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

«Қонунга референдум ўтказувчи комиссиялар ваколатларини аниқлаштириш, комиссиялар қарорлари юзасидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш, кузатувчиларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва бошқа бир қатор тузатишлар киритиш назарда тутилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Сайлов кодекси янги ташкил этилган вилоят, туман, шаҳарда халқ депутатлари Кенгашига сайловни ўтказиш учун сайлов округлари сонини белгилаш ва сайловни ўтказиш бўйича тегишли сайлов комиссияларини тузиш ҳамда янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар амалдаги маҳаллий кенгашлар ваколати муддатига сайланишига ва сайловни ўтказишга оид нормалар билан тўлдирилмоқда.

Хусусан, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунда сайлов округининг ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки янги ҳудудий бирлик ташкил этилганда, ушбу сайлов округларидан сайланган депутатнинг ваколатлари муддати тугатилмаслиги ва маҳаллий Кенгашининг ваколатлари муддатига мувофиқ бўлиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги қонун янги 401-модда билан тўлдирилиб, унда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал қилишда сайлов округларининг чегараларини ўзгартиришга оид қоидалар белгиланмоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, қонун лойиҳаси янги маъмурий-ҳудудий бирликлар ташкил этилганда ёки маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегаралари ўзгартирилганда сайловларни ўтказиш ҳамда мазкур ҳудудлардаги депутатларнинг ваколатлари билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳалари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ягона қонун лоийҳасига бирлаштирилиб, учинчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат Сенатга юборилди.