Президентнинг «Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлар тўғрисида» қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан тайёрланган.

Тўсиқсиз туризмни ривожлантириш, рағбатлантириш ва қулай шарт-шароит яратиш мақсадида, қуйидагилар асосий йўналишлар этиб белгиланади:

  • туризм намойиши объектлари инфратузилмаси, биринчи навбатда маданий мерос ва зиёрат объектлари, музейлар, театрлар ва жойлаштириш воситаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарурий шарт-шароитлар яратиш;
  • туризм соҳаси субъектлари, шу жумладан, туроператор ва турагентлар, жойлаштириш воситалари ҳамда транспорт хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга саёҳат давомида ҳамроҳлик қилувчи фуқароларни рағбатлантириш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз туризмни амалга оширишлари учун яратилган имкониятларни тизимли ҳамда фаол тарғибот кампанияларини ташкил этиш орқали улар хабардорлигини ошириш;

  • замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда туризм намойиши объектларида кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш;

  • ННТларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, фуқаролар ва ҳомийлар хайриялари ҳамда хорижий ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилиш тизимини такомиллаштириш орқали тўсиқсиз туризмни амалга ошириш.

2023 йилдан бошлаб республика ҳудудларида қуйидаги босқичларда «Тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш дастури» амалга оширилади:

  • 2023 йилда — Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари;
  • 2024 йилда — Фарғона, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятлари;
  • 2025 йилда — Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари;
  • 2026 йилда — Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти;
  • «Тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш дастури»ни молиялаштириш Республиканинг давлат бюджети, ҳомийлик маблағлари ва грантлар орқали амалга оширилади;
  • Юқоридаги мақсадлар беш йилга Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва уни амалга оширишга оид давлат дастурига киритилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш учун Ўзбекистон давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг 2 фоизи ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун маданий мерос объектларига ҳар қандай шикаст етказишнинг олдини олган ҳолда пандус, плинтус ва лифтлар ўрнатишга йўналтирилади;
  • Давлат бюджетидан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағларнинг 5 фоизи ОАВ вакиллари ва журналистлар учун инфотурлар ташкил қилиш, халқаро ва хорижий туризм кўргазма, ярмаркаларда республикада тўсиқсиз туризм йўналишида мамлакатимизнинг салоҳиятини намойиш қилувчи тарғибот ва тарқатма материаллар тайёрлаш, «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркасида «Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм» экспозициясини ташкил этиш ва ўтказиш учун йўналтирилади.

Бундан ташқари, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларида «Туризм», «Гид ҳамроҳлиги» ҳамда «Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш» таълим йўналишлари бўйича давлат буюртмаси параметрларининг 1 фоизи миқдорида давлат грантларига квоталар ажратиш тизими жорий қилинади.

Шунингдек, лойиҳага мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга саёҳат давомида ҳамроҳлик қилувчи фуқароларга қуйидаги миқдорларда чегирмаларни бериш жорий қилинади:

  • транспорт воситалари чипталарини харид қилиш ва фойдаланишда авиа транспорт воситалари учун 50 фоиз;
  • темир йўл транспорти учун 40 фоиз;
  • автобуслар учун 30 фоиз;
  • маданий мерос объектлари, музейлар ва театрларга кириш чипталарини харид қилишда 50 фоиз.

«Ўзбекистон темир йўллари» ва «Uzbekistan airports» 2023 йил 1 январгача қуйидагиларни таъминлайди:

  • «Ўзавтотранс» компанияси тасарруфидаги автобусларнинг камида 2та ўриндиғини ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш ва кўтаргичлар ўрнатиш;
  • аэропорт, темир йўл ва автобус вокзалларини пандуслар (10 даража қияликдан баланд бўлмаган) ва электр кўтаргичлар билан жиҳозлаш;
  • вокзаллар ҳудудида аравача орқали ҳаракатланувчи электр кўтаргичларни ўрнатиш;
  • вокзаллар ҳудудидаги ва бинонинг барча қисмларида эшитилувчи овозли маълумотлар бериб бориш;
  • вокзаллари ҳудудидаги ва бинонинг барча қисмларида ўрнатилган навигация кўрсаткичлар ва улардаги ёзувларни икки баравар ҳажмда катталаштирган ҳолда қайта ўрнатилишини;
  • поездлар вагонларида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус аравача билан ўтиришга мослаштирилган камида 5 тадан махсус жойлар ташкил этиш.

Ҳар йили Олий Мажлиси палаталари, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўзларининг бюджетдан ташқари жамғармаларидан тенг улушларда Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига 500 млн сўмдан ажратади.

Маблағлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар, биринчи навбатда ёшлар ва хотин-қизларни туризм соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва улар саёҳатларини ташкил қилишга грант сифатида йўналтирилади.

Грантлар:

  • ногиронлиги бўлган ёшлар ва хотин-қизларни оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтов лагерлари мажмуаси, автокемпинглар, экоуйлар мажмуаси, контейнер шаҳарчалар ва чодирли лагерлар, шунингдек, туроператор фаолиятини ташкил қилиш учун касбга ўқитиш ва малакасини ошириш;
  • ногиронлиги бўлган ёшлар ва хотин-қизларнинг ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқсиз, янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни туризм соҳасида касбга тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш учун уларга муқобил шаклдаги ўқув материалларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  • фуқаролик жамияти ташкилотларига тоғли ва олис ҳудудлардаги ногиронлиги бўлган шахсларни республика бўйлаб сайёҳатларни ташкил қилиш учун ажратилади.

2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартга қадар тўсиқсиз туризм йўналишида қўшимча рағбатлантириш тизими жорий этилади:

Меҳмонхоналарга хоналарнинг камида учта хонаси ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган, шунингдек, эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига мувофиқ дисплейлар ва овозли қурилмалар билан жиҳозлаш ва сақлаш бўйича ҳаражатлари ундирилган туристик йиғим суммасидан қуйидаги миқдорларда қайтариб берилади:

  • 5 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун — 3 миллион сўм;
  • 4 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун — 2 миллион сўм;
  • 3 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун — 1,5 миллион сўм;
  • тоифасиз меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун — 1 миллион сўм;

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан:

  • пляж, бассейн хизматлари кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан камида 3 йил давомида фойдаланиш шарти билан ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар қулай тарзда жиҳозлаш харажатларининг бир қисми, лекин — 10 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • умумий овқатланиш шохобчалари, шунингдек, ресторан ва кафеларни овозли меню харид қилиш ва таъминлаш бўйича харажатлари, ҳар бир овозли меню учун — 1 миллион сўм миқдорида;

Транспорт хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан транспортларни ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар қулай тарзда жиҳозлаш харажатлари қуйидаги миқдорларда қоплаб берилади:

  • М1 тоифадаги транспорт воситаларини кўтаргич билан таъминлаш учун — 10 миллион сўм, лифтлар билан таъминлаш — 15 миллион сўм;
  • М2 ва М3 тоифадаги транспорт воситаларини кўтаргич билан таъминлаш учун — 15 миллион сўм, лифтлар билан таъминлаш — 20 миллион сўм;
  • М1, М2 ва М3 тоифадаги транспорт воситаларининг ўриндиқларини мослаштиришда, ҳар бир ўриндиқ учун — 3 миллион сўм;

Лойиҳада белгиланганидек, тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Uzbekistan airports» АЖ билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар «Ижтимоий хизмат» электрон платформасини транспорт чипталарини харид қилиш бўйича онлайн платформалар билан интеграция қилинишини таъминланади.

Эслатма: мазкур президент қарори ҳали лойиҳа бўлиб, у жамоатчилик муҳокамаси босқичида. Таклифлар эса 26 июнга қадар қабул қилинади.