10 июнь куни президент «Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [277-сонли] қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ерлар деградациясига қарши курашиш масалалари бўйича бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди.

Унга кўра, вазирлик ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади. Cоҳада давлат дастурлари ва истиқболга мўлжалланган стратегияларни ишлаб чиқади ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ерлар деградацияси ва чўлланиши, шу жумладан ерларни тиклаш, рекультивация ва мелиорация тадбирлари, яйловлардан алмашлаб фойдаланиш, уларни сақлаш ва фитомелиорациялаш, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш, ўрмонлар ва иҳотазорлар барпо қилиш жараёнлари мониторинг қилади.

Шунингдек, вазирлик ерлар деградациясига қарши курашиш ишларини олиб боришга масъул корхона, муассаса, ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларга соҳада бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

Қарорга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш масалалари бўйича департамент ва ҳудудларда Ерлар деградациясига қарши курашиш бўлимлари ташкил этилди.

Маълумот учун, ерлар сифатининг ёмонлашиш жараёни, улар ҳосилдорлигининг пасайиши — ерлар деградациясидир. Қурғоқ иқлим шароитида ерлар деградацияси кўп ҳолларда чўлланиш жараёнига ўтиб кетади, бунда ҳосилдор ер саҳрога айланади.