Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 7 июнь куни 2022−2023 йилларга мўлжалланган ёшларга оид давлат сиёсати дастурини тасдиқлади. Бу ҳаётда ўз ўрнини излаётган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунар таълимига йўналтириш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилаётган тадбирлар мажмуидир.

30 июнь — Ўзбекистонда Ёшлар куни арафасида ҳар йили давлат ва ҳудудий ёшлар сиёсати дастурларини қабул қилиш президентнинг 2021 йилдаги фармонида назарда тутилган. Бу дастурлар ёшларнинг таклиф ва ташаббусларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилиши керак.

Дастур тадбирлари учун ажратиладиган маблағнинг аниқ миқдорлари давлат дастурида кўрсатилмаган. Тадбирларни молиялаштириш уларнинг ижрочилари — Ёшлар ишлари агентлиги, вазирлик ва идоралар томонидан алоҳида режалар асосида амалга оширилади.

«Ёшлар дафтари»даги ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда йўналишига қўйидагилар киритилган:

  • «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммоларини ҳал этиш ҳамда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш (муҳтожларни қамраб олишнинг аниқ кўрсаткичлари келтирилмаган, балки алоҳида режага ҳавола берилган);
  • «Ёшлар дафтари»дан чиқарилган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилган мониторинг ишларини ташкил этиш;
  • меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларни турар жой билан таъминлаш;
  • муаммоли ва ажралиш ҳолатига келиб қолган ёш оилалар учун маҳаллаларда ҳафтада бир маротаба психолог қабулларини ташкил этиш;
  • ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида таниқли тадбиркорлар иштирокида «Бизнес марафон» ва «Агро марафон» мотивацион тренинглар ташкил этиш ҳамда йирик тадбиркорлик субъектларига «Бизнес саёҳатлар» уюштириш ва бошқа тадбирлар режалаштирилган.

«Ёшларнинг бўш вақти — етакчининг иш вақти» тамойили асосида ёшлар билан «маҳаллабай» ишлаш тизими бўйича:

  • ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида беш ташаббус олимпиадаларининг «маҳалла-сектор-туман-вилоят-республика» босқичларини ташкил этиш;
  • «Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик» шиори остида ёшлар фестивалларини ўтказиш;
  • «Йилнинг энг намунали маҳалла етакчиси», «Ахборот технологиялари билимдони», «Йил талабаси», «Талабалар театр студиялари» ва бошқа танловларни ўтказиш;
  • ёшлар орасида хорижий тилларни оммалаштириш мақсадида «Ибрат медиа маркази» фаолиятини йўлга қўйиш;
  • 7 дан 14 ёшгача бўлган болаларнинг маданият ва санъат соҳасидаги иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар ўртасида «Камалак юлдузлари» республика кўрик-танловини ўтказиш белгиланган.

Ёшларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида:

  • «Темур тузуклари билимдони» танловини ташкил этиш;
  • Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган танловлар ўтказиш;
  • ҳарбий қисмларга экскурсияларни ташкил қилиш;
  • ёшлар ҳаётида учраётган муаммоларни ўрганишга қаратилган ижтимоий сўровлар ўтказиб бориш;
  • «Ватан тараққиётига менинг ҳиссам» ёшлар акциясини ташкил этиш;
  • «Бир нуронийга ўн нафар ёш» тамойили остида уюшмаган ёшларни обрў-эътиборли, юқори ҳаётий тажрибага эга нуронийларга бириктириш ва бошқаларни амалга ошириш белгиланган.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш учун қуйидагилар режалаштирилган:

  • август ойида ёш журналистларнинг билим ва тажрибаларини ошириш мақсадида «Ёш журналистлар оромгоҳи» лойиҳасини амалга ошириш;
  • июль-октябрь ойларида туризмни ривожлантириш бўйича видеороликлар танловини ўтказиш
  • «Uzbekistans`s club» ижтимоий мотивацион медиа платформасида эксклюзив контентлар яратиш;
  • «YouTube O’zbekiston» лойиҳасини амалга ошириш;
  • ёшларни дизайнерлик соҳасига қизиқтириш мақсадида Design Club лойиҳасини амалга ошириш;
  • сентябрь-ноябрь ойларида — болалар дунёқарашини қадриятларга мос равишда шаклланишига хизмат қиладиган замонавий мултипликацион ва анимацион медиа маҳсулотлар танловини ўтказиш;
  • сентябрь-ноябр ойларида — болалар дунёқарашини миллий қадриятларга мувофиқ шакллантириш мақсадида мултфилмлар ва анимацион медиа танлови;
  • июнь-декабрь ойларида — «маҳаллабай» тамойили бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Стратегик куч» номли ҳужжатли фильм суратга олиш;
  • фан, таълим, санъат, маданият ва спорт соҳасида муваффақиятга эришган ёшлар тажрибасини ўрнак сифатида кўрсатишга қаратилган «Modul — 5» лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш йўналишида қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:

  • июнь ойида Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар Кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш;
  • ёзда «Ўзбекистон — Қирғизистон ёшлар конгресси»ни ташкил этиш;
  • октябрь ойида Самарқанд шаҳрида мнемотехника бўйича халқаро турнир ўтказиш.