Фарғона вилоятида 10 июнь куни кучли ёмғир ва дўл ёғиши ортидан ижтимоий тармоқларда ёғингарчилик акс этган турли видеолар тарқалди.

Улардан бирида кучли шамол кўп қаватли биноларнинг том қисмини учириб кетгани акс этган. Тасвирлардан томдан кўчиб тушган жисмлар ташқарида турган машиналар устига тушганини кўриш мумкин.



Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати кучли шамол оқибатлари бартараф этилаётганини маълум қилди.

«10 июнь куни соат 16:25 да Фарғона шаҳрида қисқа муддатли кучли шамол кузатилиб, натижада Ал-Фарғоний кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг том қопламасини ерга учириб тушган. Воқеа жойига шаҳар ФВ бўлими ходимлари етиб борган. Ҳозирда тегишли хизматларнинг куч-воситалари жалб этилган холда вазият оқибатларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жарохати олмагани айтилган. Бундан ташқари, вилоятнинг бошқа ҳудудларида шиддатли ёмғир ва дўл ёғгани акс этган видеолар тарқалмоқда.



Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 10 июнь куни фақат республиканинг шимолида, куннинг иккинчи ярмида Тошкент вилоятида ва Фарғона водийсида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиб ўтиши хабар қилинганди.