Учта ҳудудда ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланганликда гумонланган шахслар ушланди. Мазкур ҳолатлар Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида аниқланди.

Тошкентдаги ҳолат Шайхонтоҳур тумани Жарариқ кўчасида қайд этилгани айтилмоқда. Унда фуқаролар А.И. ва Н.Н. 3600 АҚШ долларини фуқаро Ш. га 40 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби ҳолат Наманган вилоятида ҳам кузатилди. Фуқаро Х.З. 3400 долларни фуқаро А.га 37,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унда фуқаро А.Р. 3000 долларни 33,3 млн сўмга фуқаро О.га сотган вақтида ушланди, дейилади хабарда. Жами 3100 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган.

Навбатдаги тадбир Миришкор туманида ҳам ўтказилди. Таъкидланиўича, фуқаролар К.Д. ва Т.М.лар фуқаро М.га 3300 долларни 36,9 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, юқоридаги фуқароларнинг ҳаракатлари бўйича олиб борилган тезкор кузатувларда улар доимий равишда валюта қимматликларини қонунга зид равишда айирбошлаш фаолияти билан шуғулланиб келганликлари маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бош прокуратура фуқаролардан чет эл валютасини фақат айирбошлашни фақат банк муассасаси ёки унинг шаҳобчалари орқали амалга оширишни сўраган ва бу билан қалбаки валюта қимматликларига дуч келишнинг олдини олиш мумкинлиги эслатиб ўтилган.