Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё кубоги-2023 саралаш турнирининг учинчи босқичини ғалаба билан бошлади. 8 июнь куни Намангандаги «Марказий» стадионида бўлиб ўтган Шри-Ланкага қарши баҳс 3:0 ҳисобида якунланди.

Ўйиннинг 36-дақиқасида ярим ҳимоячи Жалолиддин Машарипов жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. 48-дақиқада иккинчи гол ҳам жарима зарбасидан урилди — ярим ҳимоячи Достонбек Ҳамдамов уни аниқ амалга ошириб, ҳисобни иккитага оширди.

Қанот ҳимоячиси Фарруҳ Сайфиев 60-дақиқада ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Ўзбекистонлик футболчиларнинг рақиб жарима майдони ичида дарвозага 3 марта кетма-кет уринишларидан сўнг футболчи кучли зарба билан баҳсга нуқта қўйди.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ўйин учун футболчиларга миннатдорчилик билдирди.

«Аввало шогирдларимга раҳмат айтаман. Чунки бугун улар ўз жарима майдончаси ичида ҳимояланган жамоага қарши гол уриш учун максимал даражада имконият қидиришди. Ҳар хил услубда ҳужумлар ташкил этиб, рақиб ҳимоясини ёриб киришга ҳаракат қилишди. Учрашувдаги қийин вазиятларда стандартлар орқали мақсадига етишишди. Фақат ҳимояланадиган жамоаларга қарши ўйнаш ҳар доим қийин ҳисобланади. Мен ҳамиша ўйиннинг охирига қадар хотиржамликка берилиб бўлмаслигини таъкидлаб келаман. Олдимизда яна 2 та муҳим учрашувлар бор. Уларга жиддий тайёргарлик кўриб, натижамизни яхшилаб боришга ҳаракат қиламиз», — деди у.

Ўзбекистон 11 июнь куни соат 20:30да Малдив ороллари билан, 14 июнь куни соат 20:30да Таиланд билан баҳс олиб боради.

Гуруҳ ғолиблари ва ўз гуруҳларида иккинчи ўринни эгаллаган бешта энг яхши жамоалар Осиё кубоги-2023 финал босқичига йўл олади.

Видео

Фото