8-июнь куни Эрон шарқида содир бўлган поезд ҳалокатида 17 йўловчи вафот этди, 50 дан ортиқ киши эса жароҳат олди, деб FarsNews наширга таяниб, Al Jazeera хабар бермоқда.

Эрталаб, туманли ҳавода Табас шаҳридан 50 км узоқликда еттита вагондан иборат поезд экскаватор билан тўқнашиб кетган. Натижада тўртта вагон релсдан чиқиб, ағдарилган.

Поезд 350 га яқин йўловчини сиғдира оларди, деб ёзади Al Jazeera нашри. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони тўғрисидаги маълумотлар ишончли манбаларда турлича ёритилмоқда: Reuters 60 йўловчи оғир яралангани ва 13 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Табиий офат ҳудуди пойтахт Теҳрондан — 550 км узоқликда жойлашгани, алоқа ёмонлиги айтилмоқда. Воқеа жойига қутқарувчилар ва шифокорлар бўлган вертолётлар ҳам етиб келган. Мутахассислар одамларни вайроналар остидан олиб чиқиб, ёрдам кўрсатмоқда. Жабрланганлар ҳақидаги маълумотлар аниқлаштирилмоқда.