АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) пайшанба куни Жиззах вилояти тиббиёт муассасаларига туберкулёз касаллиги билан курашишга кўмаклашиш мақсадида тиббиёт асбоб-ускуналарини топширди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Умумий қиймати қарийб 75 минг долларга тенг бўлган электрон термометрлар, стетоскоплар ҳамда пульсоксиметрлар, вилоят тиббиёт муассасаларига ўз вақтида ва самарали ёрдам кўрсатиш, сурункали касалликлари бўлган беморларга тезда ташхис қўйиш ва даволаш имконини беради.

USAIDнинг Ўзбекистондаги Соғлиқни сақлашни ривожлантириш бўйича
ваколатхонаси раҳбари Черрй Гумапас (чапдан учинчи).

Тиббий асбоб-ускуналар АҚШнинг Welch Allyn ишлаб чиқарувчи компанияси томонидан USAIDнинг Марказий Осиёда туберкулёзни тугатиш лойиҳаси доирасида ҳадя қилинган. У Жиззах вилояти фтизиатрия ва пульмонология маркази, вилоятдаги туберкулёз диспансерлари, касалхона ва поликлиникаларига тарқатилади.

Ўзбекистонда туберкулёз ва у билан боғлиқ ўлим ҳолатларини камайтириш борасидаги катта муваффақиятларга қарамай, касалликнинг дориларга чидамли шакллари ҳали-ҳамон жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

USAID — туберкулёзга қарши курашда Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкорларидан биридир. Ўтган йилнинг октябрь ойида мазкур агентлик томонидан Фарғона вилоятидаги тиббиёт муассасаларига қарийб 150 минг долларлик, шу йилнинг февраль ойида эса Сирдарё вилоятидаги 12 та тиббиёт муассасасига жиҳозлар топширилган эди.

Шунингдек, USAID ўтган йилда туберкулёз касаллигининг тезлаштирилган диагностикаси учун Ўзбекистонга ўнлаб GeneXpert диагностика мосламаларини ҳам топширган эди.