24 март — Бутунжаҳон силга қарши кураш куни муносабати билан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига 16 та GeneXpert сил касаллигини тезкор диагностика қилиш ускунасини совға қилди, деб хабар берди «Газета.uz»га АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати.

Ушбу сана муносабати билан USAID сил касаллиги, стигма ва камситишнинг олдини олишга қаратилган болалар ижодиёти кўргазмалари ва акцияларини ташкил этди, шунингдек, аҳолининг касаллик ҳақидаги хабардорлигини ошириш мақсадида Жиззах, Гулистон ва Фарғона шаҳарларида хайрия концертлари ўтказди.

Бутунжаҳон силга қарши кураш куни 24 март куни сил касаллигининг мамлакатлар саломатлиги ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳалокатли таъсири ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида нишонланади. Ушбу касаллик ҳар куни дунё бўйлаб 4000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлади.

Ўтган икки йил айниқса қийин бўлди, чунки COVID-19 пандемияси силга қарши кураш таъсирини камайтирди, дея қайд этилди USAID томонидан. Ўзбекистон сўнгги ўн йил ичида сил касаллиги билан касалланиш ва ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича барқарор ютуқларга эришган бўлса-да, унинг даволаш қийин бўлган дори воситаларига чидамли шакллари билан касалланиш улуши юқорилигича қолмоқда.

«Биргаликда ҳаракат қилиб, биз Ўзбекистонда, минтақада ва бутун дунёда ҳаётни сақлаб қолиш ва оилаларни соғлом сақлашга хизмат қиладиган ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни давом эттиришимиз мумкин. Ҳамкорлигингиз ва умумий мақсадимиз — Ўзбекистонда сил касаллигини йўқ қилишга эришиш йўлидаги садоқатингиз учун миннатдорчилик билдиришга ижозат бергайсиз», — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблум.

«Биз бу курашда ёлғиз эмаслигимиздан хурсандмиз. USAID, бошқа донор ташкилотлар, соғлиқни сақлаш муассасалари ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари биз билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда ва мамлакатимизда сил касаллигининг залворини камайтиришимиз учун ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Наргиза Парпиева.

Охирги 6 ой ичида USAID Ўзбекистон ҳукуматига умумий қиймати қарийб 700 минг доллар бўлган 46 та GeneXpert тизимини тортиқ қилди. GeneXpert тизими беморларга зудлик билан тиббий ёрдам олиш имконини тақдим этувчи бир кунлик тиббий тест натижаларини етказиб беради. Бундай ускунанинг бошқа муқобиллари тест натижаларини 80 кун ичида олиш имконини берди.

GeneXpert нафақат беморда сил касаллиги мавжудлигини, балки туберклёзнинг муайян бир ҳолатини даволаш учун одатда буюриладиган антибиотикларга чидамлилигини ҳам текшириши мумкин, бу эса шифокорларга бемор учун энг самарали дори-дармонларни танлаш имконини беради.

«USAID силга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан фахрланади. Ўтган йиллардаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли биз сил касаллигининг оғир юкини камайтириш ва ўзбек оилалари фаровонлигини оширишга ҳисса қўшишга муваффақ бўлдик», — деди Ўзбекистондаги USAID миссияси директори Микаэла Мередит.

USAID Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Силга қарши кураш миллий дастури доирасида тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш, силга қарши дори воситалари, тиббий ва лаборатория жиҳозлари мавжудлигини ошириш, сил касаллигининг олдини олиш, аниқлаш ва даволаш ишларини кучайтириш мақсадида ҳамкорлик қилмоқда. Биргина 2021 йилнинг ўзида USAID 1700 дан ортиқ сил бўйича мутахассисларни ўқитди ва 3000 дан ортиқ хавф гуруҳидаги шахсларни туберкулёзга қарши текширувдан ўтказди.